Данғара туманида электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги саноат корхонаси иш бошлади
Данғара туманидаги «Ғумойли» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилган «Yuniks tech» масъулияти чекланган жамиятида маҳаллий ҳамда хориж бозорларида талаб юқори бўлган, шунингдек импорт ўрнини босувчи 20 турдан ортиқ электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Истиқболли лойиҳа доирасида жами 30 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш режалаштирилган бўлиб, унинг биринчи босқичидаёқ 50 та доимий иш ўрни яратилди. Лойиҳанинг иккинчи босқичида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, қўшимча иш ўринлари ташкил этиш, маҳсулот ҳажмини ошириш ҳамда экспорт йўналишини йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Айни пайтда корхонада «Elgrid» бренди остида кунига 300 тадан 1000 тагча 32–65 дюймли юқори сифатли ақлли телевизорлар ишлаб чиқарилмоқда. Ишлаб чиқариш жараёнида бозор талаблари ва истеъмолчилар эҳтиёжи инобатга олиниб, ҳар бир маҳсулотга янгича ёндашув асосида иш олиб борилмоқда. Бу эса кучли рақобат шароитида корхона маҳсулотларининг бозорда харидоргир бўлишини таъминламоқда.
— Кейинги йилларда Данғара туманида электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида ўзига хос тажриба мактаби шаклланди, — дейди корхона раҳбари Раҳимжон Абдуллаев. — Шу боис ушбу йўналишга инвестиция жалб этиш юқори самарадорликка эга. Айни вақтда ички бозор ҳамда қўшни давлатлардаги талаб ва таклифни чуқур ўрганган ҳолда лойиҳанинг иккинчи босқичини амалга ошириш устида иш олиб боряпмиз.
Мазкур лойиҳа электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича кластер тизимини шакллантириш, ушбу тармоқни Данғара тумани иқтисодиётининг асосий драйверларидан бирига айлантиришга қаратилган.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг