"Дадам сигарета сўраб кирсалар олти сафар йўқ деб айтинг! Илтимос…​"

17:17 09 Март 2020 Маданият
2057 0

“Халқ сўзи” газетаси ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таҳририят расмий веб-сайти “Маданият“ рукни остида “Ёш ижодкорлар гурунг” ни ташкил этди. Унда ёш шоир, носир ва таржимонларнинг ижодий ишлари эълон қилиб борилади. Марҳамат, ўқинг, баҳра олинг.

Навбатдаги меҳмонимиз Муҳаммадхон Юсупов — 1995 йил 10 мартда Наманган вилоятида туғилган. Ҳозирда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, таржимонлик факультети талабаси. Бадиий адабиётнинг наср ва драматургия соҳаларида ижод қилади. “Қисқа ҳикоялар” тўплами нашр қилинган. Ўткир Ҳошимов асари асосида суратга олинган “Урушнинг сўнгги қурбони” фильми сценарий муаллифи. “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби. Қуйида унинг қаламига мансуб шингил ҳикоялардан намуналар келтирамиз.


Оптимист

– Янги пойабзал сотиб олганимда доим битта қўшимча боғичга эга бўлишимни ўйлаб, қувонаман. Умуман кийилмайдиган иккинчи пой ҳақида эса ўйламасликка уринаман...

***

Маҳаллий дўкон

– Амаки, мана! Шу пулга қанча сигарета келади?

– Ҳмм, олти қути. Аммо мен ёш болаларга сигарета сотмайман.

– Мен сотиб олмоқчи эмасман. Дадам сигарета сўраб кирсалар олти сафар йўқ деб айтинг! Илтимос…

***

Бегона аёл

Олдинлари менга ойим эртак айтиб берардилар. Аммо ёлғиз тинглардим.

Кейин эртакни бувим айтиб бера бошладилар, унда ҳам бир ўзим тингладим.

Энди эса эртакни бир бегона аёлдан эшитяпман, аммо бир дунё янги дўстлар билан…

***

Бахт

– Сен бахтли бўлмоқчимисан ёки уни бахтли қилишни истаяпсанми?

– Бу иккови бошқа-бошқами?..

***

Ҳозир

Онасига тез-тез дастёрлик қилиб турадиган қўшни қизни узатишаётганида шу йили энди биринчи синфга қадам қўядиган болакай эшикка суяниб, тўйхонага қараб ҳўнг-ҳўнг йиғламоқда.

Болакайнинг “Менга тегасизми?” деган саволини ҳам, унга қўшни қиздан олган розилигини ҳам ўзидан бошқа ҳеч ким жиддий қабул қилмаганини катта бўлганида, албатта, тушуниб етади.

Балки, ўшанда кулар, аммо ҳозир йиғлаяпти ва кўз ёшлари ҳақиқий...

Кулманг, унга ҳозир ростданам оғир...

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер