Чусовитина Жаҳон кубогида олтин медални қўлга киритди
Фото: Спортни ривожлантириш вазирлиги
Шу кунларда Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубоги босқичи бўлиб ўтмоқда. Ушбу нуфузли мусобақада дунёнинг 30та давлатидан энг кучли гимнастлар ғолиблик учун баҳсларга киришган.
Мусобақада ўзбек спорти афсонаси, Олимпиада ўйинларида 8 маротаба қатнашган тарихдаги ягона гимнастикачи Оксана Чусовитина етакчилигидаги бир гуруҳ спортчиларимиз ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишмоқда.
Кеча, 4 март куни Жаҳон кубогининг таяниб сакраш машқлари финал баҳсларида 46 ёшли спортимиз фахри Оксана Чусовитина энг яхши натижа қайд этди ва якунда олтин медалга сазовор бўлди. Унинг якуний кўрсаткичи 13.433 баллни ташкил қилди.
Ушбу йўналишда 2-ўрин умумий 13.150 балл жамғарган венгриялик Мариа Бачкайга насиб этди. Россиялик 16 ёшли спортчи Виктория Листунова эса саралашда энг яхши натижа қайд этган бўлсада, финал босқичида тажрибасизлиги панд бердими, якунда 13.133 балл билан учинчи бўлди.
Чусовитинанинг ғалабаси шарафига Доҳада Ўзбекистон мадҳияси янгради.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг