Чумоли ҳам топганини боласига ташийди...
Оталик нечоғли улуғвор эканлигини оталик мақомига эга бўлмаганлар яхши билади. Бироқ, ота бўлиб туриб оталик масъулиятини, бурчини унутаётганлар қанча... Улуғнор туманида яшовчи Асрорбек Абдураҳмонов (исм-шариф ўзгартирилган) ана шулар тоифасидан.
Асрорбек турмуш ўртоғи билан ажрашгач, фуқаролик ишлари бўйича Бўз (ҳозирги Бўстон) туманлараро судининг 2016 йилнинг 15 декабрдаги қарорига асосан ундан вояга етмаган бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик топган даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Орадан йиллар ўтаётган бўлсада, у бу қарорга беписандлик билан қаради. Бир неча бор огоҳлантиришларга қарамай дилбанди учун тўловни амалга оширмади. Натижада унга нисбатан амалдаги тартибларга биноан чораларни қўллашга тўғри келди. Мажбурий ижро бюросининг Улуғнор туман бўлими томонидан ўтказилган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида Асрорбек фарзандининг моддий таъминоти учун алимент пулларини 2025 йилга қадар бўлган муддатда қайта ҳисоблатди ва 30 млн. сўм миқдордаги пулни ундирувчига тўлаб берди.
Афсуски, Асрорбек каби кўздан нари фарзандларидан меҳри тонган оталар йўқ эмас. Мажбурий ижро бюросининг Андижон вилояти бошқармаси Матбуот хизматининг маълум қилишича, 2020 йил давомида 497 нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминлашдан бўйин товлаб келган шахслар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-4-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун тегишли туман ва шаҳар судларига юборилган. Натижада судлар томонидан 431 нафар шахсларга нисбатан қамоқ тарзидаги жазо чораси қўлланилган. Бундан ўзига тегишли хулоса чиқармаган 35 нафар шахсларга 2 ойдан ортиқ муддат мобайнида алимент тўламаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан жиноят иши қўзғатилган.
Чумоли ҳам топганини инига ташийди, боласига едиради. Мусича полапони қийналмаслиги учун озуқани жиғилдонида майдалаб, сўнг едиради. Ҳатто, улкан дарахт ҳам ёнидаги ёш ниҳолни ўз гавдаси билан кучли шамолдан, қуёшнинг иссиқ тафтидан асрар экан. Ҳеч эътибор берганмисиз, уларнинг бирортаси боласидан тонмаган, меҳрини қизғанмаган. Барча мавжудотлар ичида энг онглиси бўлмиш одамзот эса... Хулоса ўзингиздан...
Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг