Чортоқлик ўқувчилар «Оби дрон» номли учувчисиз қурилма яратди
Чортоқ туманидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари информатика фани ўқитувчиси Жаҳонгир Нурмаматов раҳбарлигида «Оби дрон» номли учувчисиз учиш қурилмасини яратишди.
Тўрт ой давом этган изланишлар натижасида ишлаб чиқилган мазкур аппарат 3D-принтерда тайёрланган мустаҳкам рама асосида йиғилган. У тўртта электр мотор, парраклар, электрон бошқарув элементлари ва қувват тизими билан жиҳозланган бўлиб, 700 метр баландликкача кўтарилиш имкониятига эга.
Дроннинг бошқарув тизимига Arduino Nano микроконтроллер платаси ўрнатилган. Барқарор парвозни таъминлаш мақсадида MPU-6050 сенсори интеграция қилинган. Қурилмани масофадан бошқариш махсус пульт орқали амалга оширилади.

— Айни вақтда қурилмани янада такомиллаштириш, хусусан, юқори аниқликдаги камера ўрнатиш ва контур хариталарни дастурий таъминотга жорий этиш устида иш олиб боряпмиз, — дейди ихтиро муаллифларидан бири, 11-синф ўқувчиси Зиёбек Абдумажидов. — Бу орқали қишлоқ хўжалиги ер майдонларини масофадан кузатиш, экин ҳолатини таҳлил қилиш, суғориш жараёнларини мониторинг қилиш ҳамда ресурслардан тежамкор фойдаланиш имконияти яратилади.
Айни пайтда деҳқонлар амалдаги суғориш технологиясида сувни асосан кичик майдонларга бир хил тарзда тарқатиш орқали оқизишади. Ўқувчилар яратган «электрон мироб» эса 100 гектарга яқин пайкалларни назорат қилиб, қайси ҳудудга сув зарурлигини, қайси ерда ортиқча намланиш юзага келиши мумкинлигини аниқ кўрсатиб беради. Бу эса сув ресурсларидан янада тежамкор фойдаланиш имконини яратади.
Инноватор ёшлар ўз қурилмасини яқин вақт ичида янада такомиллаштириб, тўлиқ синовдан ўтказишни режалаштирмоқда.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг