Чирчиқда Ҳаво флоти куни муносабати билан авиашоу ташкил этилди

19:01 19 Август 2023 Жамият
3256 0

Кундалик ҳаётимизда ҳарбий-ҳаво кучлари фаолияти мамлакатнинг оддий фуқаролари кўзига таниш эмас. Улар одамларни ташқи таҳдидлардан ҳимоялаш билан бир қаторда, турли қутқарув операциялари ва мамлакат ичидаги бошқа амалиётларда иштирок этади.

Шу маънода ҳар йили август ойининг учинчи якшанбаси Ҳаво флоти куни сифатида кенг нишонланади. Сана муносабати билан Тошкент ҳарбий округига қарашли «Чирчиқ» умумқўшин дала-ўқув полигони ҳудудидаги марказий майдонда байрам тадбири ташкил этилди.

Байрамда касб байрамини нишонлаётган Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги ҳарбий хизматчилари, уларнинг оиала аъзолари, турли ёшдаги авиация ихлосмандлари жам бўлди.
Авиапарвозларда жанговар ва ҳарбий-транспорт самолётлари ҳамда вертолётлар учувчилари ўз маҳоратларини намойиш этдилар. Хусусан, ҳарбий учоқлар томонидан самода Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвири ҳосил қилинди.

Авиашоуда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони, генерал-майор Аҳмад Бурҳонов иштирок этиб, учувчиларнинг манёврларини кузатиб борди. Айниқса, қўмондон томонидан намойиш этилган мураккаб ва қизиқарли манёврларга бой авиачиқиш йиғилганларда улкан таассурот қолдирди. Десантчиларнинг жанговар вертолётидан парашют билан кўргазмали сакрашлари ҳам шулар жумласидан.

Айтиш жоиз, бугунги кунда мамлакатимиз ҳарбий ҳаво кучлари замонавий учиш аппаратларига эга. Жумладан, ҳарбий ҳаво кучлари замонавий қурол-аслаҳалар, навигация воситалари, радиоэлектрон қурилмалар, жанговар самолётлар, вертолётлар билан етарли даражада таъминланган. Тантанали тадбирда сўз олганлар бу ҳақда батафсил сўз юритиб, ҳарбий учувчиларимизнинг юксак меҳнати ва фидойиликлари, устоз-шогирд анаъаналарининг беқиёс ўрнини эътироф этар экан, мамлакатимзнинг тинчлиги ва фаровонлиги йўлидаги шарафли фаолиятларига омадлар тилашди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер