Чирчиқ давлат педагогика университетининг янгиланган факультет биноси фойдаланишга топширилди

01:15 28 Сентябр 2024 Жамият
624 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2022 йил 15 ноябрда ўтказилган 2030 йилга қадар мактабгача таълим соҳасига оид сиёсатни белгилаб олиш ва бу борадаги халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ЮНЕСКО конференциясида ушбу тизимда дунёдаги вазиятга тўхталиб, миллионлаб болаларнинг бошланғич билим олиш имконияти чеклангани, мутахассислар биргалашиб, мактабгача таълим қамровини ошириши муҳимлигини таъкидлаган эди.

«Бу борада, авваламбор, ёшлар ва болаларга эътибор ва амалий ғамхўрлик кўрсатиш, уларни жисмоний ва маънавий баркамол этиб тарбиялашга алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз. Болаларни кичик ёшдан бошлаб ривожлантириш орқали келажакда уларнинг ўзлигини тўла намоён этишига мустаҳкам замин яратяпмиз. Зеро, бу эзгу мақсадимиз йўлида сарфланган инвестициялар эртага бир неча баробар ортиғи билан қайтишига шубҳа йўқ», – дея қайд этган эди анжуманда давлатимиз раҳбари.

Сўнгги йилларда юртимизда мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш, уларнинг фаолиятини замон талаблари мос равишда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар келажагимиз эгаларини таълим-тарбия тўлиқ қамраб олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бу жараёнда мактабгача таълим ташкилотлари учун янги авлод педагог кадрларини тайёрлаш ҳам такомиллаштирилиб бормоқда.

1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами арафасида Чирчиқ давлат педагогика университетининг Мактабгача таълим йўналиши талабалари учун янгиланган, капитал таъмирдан чиққан факултет биносини фойдаланишга топшириши ҳамда университет қошида фаолият кўрсатиб келаётган «Инновацион боғча» лабораторияси тақдимоти ана шу ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Тадбирда сўзга чиққан университет ректори Ғафуржон Муҳамедовнинг таъкидлашича, ҳар қандай муваффақиятли шахснинг орқасида унинг тарбиячиси, устози, мураббийи туради. Ёш болани тарбиялаш ва камолотга етказиш қанчалик шарафли иш эканлиги барчамизга маълум. Жажжи фарзандларимизнинг кўз олдимизда улғайишини кўриш ҳам қанчалик ёқимли. Болажонларимизнинг кўз олдимизда шаклланишининг ортида устоз ва тарбиячиларнинг меҳнати ётади. Янгидан топширилган биномиз республикамизда айни соҳада 3-4 та бўлиши мумкин. Бундан ташқари, университетимизда «Эко Лаборатория» ва «Боғча Лаборатория» каби инновацион ёндашувларни йўлга қўйганмиз, дарсларда фойдаланиладиган кўргазмали қуролларни тайёрлаш устахонаси ҳам фаолият кўрсатмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимиз раҳбарининг таълимга бераётган эътиборининг самарасидир.

— Бугунги натижаларга эришишимизга таълимнинг давлат сиёсати даражасида кўтарилиши сабабдир, — дейди ректор Ғафуржон Муҳамедов. — Президентимиз ҳар доим бизга мактабгача таълим эътибор марказида эканлигини эслатиб турадилар. Бугун фойдаланишга топширилган биномиз ёшлар учун барча имкониятларни тақдим эта олади. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Олий аттестация кенгаши бизга 3 та йўналишда илмий кенгаш ташкил этишга рухсат берди. Буларнинг биттаси инклюзив таълим. Албатта, бу ишлар илмий ишларга йўл очади. Бизда ўзини кўрсата оладиган педагоглар жуда кўп. Уларни биз рағбатлантириб туришимиз керак.

«Инновацион боғча» лабораторияси ҳам ушбу масканда таҳсил олаётган бўлажак устозлар учун ҳақиқий амалиёт жойига айланган. Ушбу лабораториянинг ҳам қайта жиҳозланиши келажак тарбиячилари учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди. Университетнинг магистрант талабаси ўз илмий изланишида айнан бу масканнинг аҳамиятини алоҳида эътироф этди. — Мен ўз илмий ишимни айнан шу лабораторияда қўллаган ҳолда амалий жиҳатларига эътибор қаратмоқдаман, — дейди университет талабаси Зуҳра Турсунбоева. — Бу жой бўлажак тарбиячилар учун ҳақиқий амалиёт маскани.

Янги реконструксия қилинган бино Чирчиқ давлат педагогика университетининг устозлари, шу жумладан, 50 дан ортиқ профессор-ўқитувчилари учун ҳам қўшимча имконият ва рағбатдир. Юртимизда шу каби ислоҳотлар давом этар экан, мактабгача таълим соҳаси янада қадр топаверади.

Санжар Шомуродов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер