Чиқиндидан электр энергияси олинади

11:29 03 Февраль 2026 Жамият
291 0

Когон тумани «Наврўз» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида маиший чиқиндиларни ёқиш йўли билан электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхона қурилишига киришилди. Бу лойиҳа давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига кўра, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамда Хитой Халқ Республикасининг «Wangneng Environment» экологик компанияси ўртасидаги тузилган битим асосида амалга ошириляпти.

Маълумотларга қараганда, лойиҳанинг умумий қиймати 165 миллион АҚШ доллари миқдорида бўлиб, корхонада кунига 1,5 минг тонна маиший чиқиндини қайта ишлаш ва йил давомида жами 400 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин бўлади. Экологик, иқтисодий жиҳатдан самарали бу ноёб лойиҳа икки йил ичида амалга оширилади. 120 та янги иш ўрни яратилади.Муҳими, у «Яшил иқтисодиёт» тамойилларига мос келади. Чиқинди ташланадиган махсус жойларга бўлган эҳтиёжни камайтиради. Экологик барқарорликка хизмат қилади.

Корхона қурилишига тамал тоши қўйилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда қатнашган Бухоро вилояти ҳокими Б. Зарипов, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамда «Wangneng Environment» экологик компанияси масъуллари ана шуларни алоҳида таъкидлашди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер