Чинозда 50 гектар майдонда иссиқхона барпо этилмоқда
“Халқ сўзи ONLINE”
Чиноз туманининг "Деҳқонобод" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги "Охунбобоев" массивида 50 гектар майдонда лимон етиштиришга мўлжалланган йирик иссиқхона қурилиши бошланди.
Умумий қиймати 61 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳани келгуси йилнинг биринчи чорагида ишга тушириш кўзда тутилган. Маълумки, лимон кўчатлари уч йилда ҳосилга киради. Шу боис ана шу муддат давомида оралиқ экинлардан даромад олиш мўлжалланмоқда.
Бизнес режага мувофиқ, дастлабки икки йилда 3,7 тонна булғор қалампири, бақлажон ва қулупнай, уч йилдан кейин эса 960 тонна лимон етиштирилади.
Энг асосийси, дастлабки йилдан бошлаб сабзавотларни экспорт қилиш, хусусан, биринчи ва иккинчи йилларда 1 миллион АҚШ доллари, учинчи йилда эса 1,1 миллион доллар қийматидаги сабзавотларни хорижга жўнатиш режалаштирилмоқда.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, иссиқхона фойдаланишга топширилгач, 600 нафарга яқин аҳолининг бандлиги таъминланади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг