Чин инсонийлик — кўнгил малҳами
Фото: «Халқ сўзи»
Орамизда шундай инсонлар борки, улар алоҳида парваришга муҳтож бўлса-да, тўрт мучаси соғлардан кўра кўпроқ хайрли ишларга бош қўшиб, элу юрт хизматида бўлишни ҳаёт мазмуни деб биладилар. Улардан ибрат ва намуна олган ҳолда бу замондошларимиз ҳолидан доимий бохабар бўлиб, меҳр-мурувватни, эътиборни унутмаслик сизу бизнинг чин инсоний бурчимиздир.
Ҳозирда Андижон вилоятида 70 минг 385 нафар ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилади. Қувонарли жиҳати, уларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш муҳим саналардагина эмас, балки йил давомида бажариладиган одатий ишга айланган.
— Ҳукуматимизга раҳмат, ҳеч қачон ўз ҳолимизга ташлаб қўймаган, — дейди Андижон туманида яшовчи Нодирахон Нарзиева. — Ўзим 2-гуруҳ ногирониман. Бир нафар фарзандим бор. Ногирон туғилган. Бир умр шу фарзандимнинг парвариши билан бандман. Уйда ўтириб ҳам даромад топишга ҳаракат қиламан, бироқ топганим боламнинг дори-дармонларидан ортмас эди. Кейинги йилларда ногиронларга бўлган эътибор туфайли Андижон туман ҳокимлиги томонидан уй-жой билан таъминландим, фарзандим учун дори-дармон етказиб берилмоқда. Ўз вақтида моддий ёрдам ажратиляпти. Бу ҳам бўлса жамиятимизда имконияти чекланганларга бўлган ғамхўрлик ифодасидир.
Андижон вилоятида аҳолини турар-жой билан таъминлаш масаласи энг катта муаммолардан биридир. Доимий даромад манбаига эга бўлган фуқаролар учун уй сотиб олиш бир мунча қийинчилик туғдираётган бир пайтда ногиронлиги бор кимсалар бу масалани қандай ҳал қиладилар?
Шу каби саволлар аллақачон ўз ечимини топган. Яъни вилоятда янги қурилган уй-жойлар, энг аввало, имконияти чекланган фуқароларга тақдим этилади. Шу кунгача 58 нафар ана шундай замондошларимиз ўз уйига эга бўлдилар. Бунинг учун уларнинг ҳар бирига 16 миллион сўмдан бошланғич тўловлари ҳукуматимиз томонидан тўлаб берилди.
— Ҳар бир ногирон ва унга масъул юртдошларимиз эътиборимизда, — дейди "Маҳалла" хайрия жамоат фондининг вилоят бўлими ходими Сирожиддин Аҳмаджонов. — Уларнинг саломатлигидан тортиб, ижтимоий муҳофазасигача бўлган жараён билан жиддий шуғулланамиз. Натижада жорий йилнинг шу давригача 1 минг 37 нафар имконияти чекланганлар аравача, протез маҳсулотлари, эшитиш аппаратлари билан таъминланган бўлса, 4 минг 615 нафарига тиббий хизмат кўрсатилиб, шифохона ва санаторийларга йўлланмалар ажратилди.
Ногиронларга бўлган эътибор улар учун яратилаётган шароит билан баҳоланади. Шу маънода яқинда бу тоифадаги шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази учун республика бюджетидан 13,5 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 100 ўринли янги бино қуриб битказилди. Андижон ва Избоскан туманларидаги Мурувват уйларида 22,4 млрд. сўмлик лойиҳа асосида қайта таъмирлаш ишлари бажарилди. Натижада бу жойларда истиқомат қилувчи 700 нафардан зиёд ногирон ҳамюртларимизнинг турмуш шароити янада яхшиланди.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг