Cенатор: Имтиёз ва преференцияда имкониятлар тенглашади

Бугун мамлакатимизда тадбиркорлик иқтисодиётимизнинг таянч кучларидан бирига айланмоқда. Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш борасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ўтган йиллар мобайнида барча тармоқда хусусий мулкнинг аҳамиятини оширишда ўзининг ижобий самараларини бериб келмоқда.
Бироқ ҳудудларимизда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида учраётган муаммоларни тизимли ҳамда таҳлилий ўрганиш ва уларни ҳал этиш борасида ёндашувларнинг турличалиги, қулай шарт-шароитлар ҳамда имкониятлар яратилганига қарамай, соҳа ривожига жиддий таъсир кўрсатадиган омиллар ҳам йўқ эмас. Бу Президентимизнинг 2018 йил 31 майдаги “Имтиёзлар ва преференциялар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бирма-бир санаб ўтилди.
Қарорда таъкидланганидек, муайян тармоқ ёки ҳудуддаги алоҳида ташкилотларга имтиёзлар, преференциялар ҳамда эксклюзив ҳуқуқларнинг аниқ мезонларсиз ва уларни асословчи шаффоф механизмларсиз танлаб берилиши, кўплаб хўжалик юритувчи субъектлар томонидан давлат бошқаруви функциялари қўшиб амалга оширилиши оқибатлари, яъни айрим ташкилотлар учун мазкур имтиёз ҳамда преференциялар асоссиз устувор шарт-шароитлар яратгани, инсофли рақобат принциплари бузилиши, боқимандалик кайфияти шаклланиб, ташаббускорлик, ишчанлик пасайиши каби асоратларга олиб келгани ортиқ муроса қилиб бўлмайдиган ҳолатдир. Ачинарлиси, мазкур амалиёт муайян тармоқлар, ҳудудлар ва умуман, мамлакат иқтисодиёти ривожланишига амалий таъсирини баҳолашда тизимлиликка эга эмасди. Бунга ҳар бир ҳудуд ҳамда тармоқдан ўнлаб мисоллар келтириш мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг қарорида ушбу ҳолатларга барҳам бериш билан бирга, соғлом рақобат муҳитини таъминлаш учун индивидуал солиқ ва божхона имтиёзлари бериш амалиётини тартибга солиш, уларнинг иқтисодий жиҳатдан асослилиги ҳамда самарадорлигини баҳолаш тизимини, шунингдек, улардан фойдаланишни мониторинг қилиш механизмларини такомиллаштириш, самарасиз фойдаланилган имтиёз суммаларини бюджетга мажбурий қайтариш механизмларини мустаҳкамлаш каби жараёнлар назарда тутилган. Шунингдек, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан умуман тармоқлар, фаолият соҳалари, ҳудудлар учун берилиши, аниқ мақсадга эга бўлиши ҳамда ижтимоий, иқтисодий ва молиявий натижаларга эришишни таъминлаши зарурлиги белгилаб қўйилган.
Вақтинчалик имтиёзлар эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилиши, индивидуал имтиёзлар, алоҳида ҳолларда, хусусий сектор инвестиция киритишдан манфаатдор бўлмаган тармоқларда ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун, аниқ ижтимоий ёки иқтисодий асослар мавжуд бўлганда ёхуд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан тақдим этилиши юртимизда имтиёзлар ҳамда преференциялар самарадорлигини таъминлаб, уларнинг иқтисодиётимиз равнақига салбий таъсирига барҳам беради.
Қарорда имтиёзларни шакллантириш, бериш ва муддатидан олдин тўхтатиш тартибларининг аниқ ижрочилари ҳамда механизмлари белгилаб қўйилгани унга эга бўлишни енгиллаштириш билан бирга, турли сансалорликлар ва сунъий тўсиқларнинг олдини олиши, шубҳасиз.
Халқимизда “Йиғлаганга ҳам, йиғламаганга ҳам бир чалпак”, деган истеҳзоли нақл бор. Президентимизнинг “Имтиёзлар ва преференциялар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда тақдим қилинаётган имтиёзлар ҳамда преференцияларнинг республика бюджети ва жамият учун самарадорлигини таъминлаш билан бир қаторда, уларнинг рақобат муҳитига, тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш омили сифатида ҳам аҳамияти каттадир.
Кобул ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг