Бувайдада ноёб қушлар парвариши оилавий тадбиркорликнинг даромадли йўналишига айланмоқда
Бувайда туманидаги «Инғирчоқ» маҳалласида яшовчи Зоҳиджон Эгамбердиев хонадони табиатнинг мўъжаз бир оламини эслатади. Бу ҳовлида ўнлаб турдаги ноёб қушлар ва наслли товуқлар парваришланади. Оила аъзолари учун бу фақатгина қизиқиш эмас, балки барқарор ва сердаромад тадбиркорлик фаолиятига айланган.
Болаликдан табиатга меҳр қўйган Зоҳиджон ака уч йилдан бери қуш ва товуқ парвариши билан жиддий шуғулланиб келмоқда. Айни пайтда мўъжазгина ҳовлида Италия беданаси, Туркия тўтиси, Осиё саъваси каби дунёнинг турли давлатларидан келтирилган ўнлаб ноёб қуш турлари мавжуд. Қиш мавсумида қушлар сони 100 бош атрофида бўлса, ёз ойларида улар 500 тагача етади.

Хонадон соҳибининг таъкидлашича, биргина қуш йил давомида 15–18 тагача полапон боқиб чиқаради. Фарғона вилоятининг Қўқон ва Марғилон шаҳарларида ташкил этилган қуш бозорларида уч ойлик полапонлар 500–600 минг сўмдан, бир ёшли қушлар эса ўртача 1,2–1,5 миллион сўмгача баҳоланади. Энг ноёб ва камёб қушларнинг айрим турлари эса 2–3 минг АҚШ долларигача сотилаётгани ҳам бор.
— Ижтимоий тармоқларда қуш савдоси жуда харидоргир, — дейди табиат шайдоси. — Шу боис ихтисослашган саҳифаларни доимий кузатиб бораман. Юртимизнинг қайси ҳудудига хориждан ноёб қуш келтирилса, бориб кўриш ва сотиб олишга ҳаракат қиламан. Чунки хонадонимизда қушларни табиий ҳамда сунъий усулда кўпайтириш йўлга қўйилган.

Эътиборлиси, хонадонда Япония, Жанубий Корея, Хитой ва бошқа давлатлардан келтирилган 20 га яқин ноёб товуқ зотлари ҳам парваришланади. Наслли товуқлар маҳаллий зотлар билан чатиштирилиб, натижада айрим товуқлар кунига 2 тагача тухум бермоқда. Бозорда бундай тухумларнинг бир донаси 15–20 минг сўмга баҳоланади. Товуқ жўжалари 60–80 минг сўмдан, катта товуқлар эса 350–400 минг сўм атрофида сотилмоқда.
Тиниб-тинчимас хонадон соҳиби ўз ҳовлисида мўъжаз инкубация цехи ҳам ташкил этган. Бу ерда буюртма асосида ойига 100 бошга яқин наслли жўжалар тайёрланиб, харидорларга етказиб берилади. Бундай қуш ва товуқларга бўлган талаб мамлакат бўйлаб юқори.

— Қушлар сайраши инсонни тинчлантиради, қалбга ҳаловат бахш этади, — дейди Зоҳиджон ака суҳбат асносида. — Улар аллақачон менинг митти дўстларимга айланган. Ҳар бир қушнинг сайраши бетакрор, боласига бўлган меҳри эса ажойиб.
Товуқлар ҳам ўз наслини ҳимоя қилишда ғоят эҳтиёткор ва ғурурли. Ҳар бир гуруҳ ўз ҳудудини асраб, бегона жонзотни яқинлаштирмайди.
Маҳалла раиси Эркинжон Қосимовнинг айтишича, бугунги кунда маҳалладаги аҳолини ноёб қуш ва товуқ парваришига жалб этиш бўйича амалий ишлар бошланган. Хусусан, мазкур хонадонда очирилган жўжалар қўшниларга тарқатилиб, парвариш ва эмлаш бўйича маҳорат дарслари ўтказилмоқда.
Айтиш жоиз, ҳозирда «Инғирчоқ» маҳалласидаги 1034 та хонадонда қарийб 6 минг нафар аҳоли истиқомат қилади.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг