Бутунжаҳон талабалар спорт байрами яқинлашмоқда

13:00 05 Сентябр 2023 Дунё
606 0

Жорий йил 26 июль – 8 август кунлари Хитойнинг Ченду шаҳри Бутунжаҳон талабалар ёзги “Universiada” Халқаро спорт ўйинларига мезбонлик қилади.

Ченду шаҳрида бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон талабалар ёзги “Universiada” спорт ўйинларида мамлакатимизнинг 17 та олий таълим муассасаларидан жами 77 нафар спортчи-талабалар спорт гимнастикаси, теннис, енгил атлетика, дзюдо, таэквондо WТ, ушу ва қиличбозлик спорт турлари бўйича иштирок этишади.

Шу ўринда Бутунжаҳон талабалар спорт ўйинлари тарихи ҳақида қисқача маълумот: Биринчи жаҳон уруши тугаганидан кейин француз спорт арбоби Жан Петитжан ташаббуси билан ўтказилган халқаро талабалар конференциясида илк бор Жаҳон талабалар спорт ўйинларини ўтказишга асос солинади.

Биринчи мусобақалар 1924 йилда Варшавада спортнинг учта тури: енгил атлетика, сузиш, қиличбозлик бўйича ўтказилган. Кейинги талабалар спорт мусобақалари 1927 йилда Римда, 1930-йил Дортмундда, 1933 йилда Туринда, 1937 йилда Парижда, 1939 йилда Монте-Карлода бўлиб ўтган.

Иккинчи жаҳон уруши пайтда Бутунжаҳон талабалар спорт ўйинлари тўхтатилган. 1959 йилда Итальянинг Турин шаҳрида Халқаро Университет спорти федерациясининг йиғилиши бўлиб ўтади ҳамда ўз сафига талабалар ташкилотларини қабул қилади. Унда Болгария, Венгрия, Полша, Руминия, СССР ва Чехословакия иштирок этади, кейинчалик бошқа социалистик мамлакатлар ҳам қўшила бошлайди.

Мазкур мусобақани ўтказиш масъулияти Бутунжаҳон университетлар спорти Федерацияси (ФИСУ)га юклатилган. Унга ҳозирда 189 та давлатлар аъзо саналишади. ФИСУ Бош Ассамблеясининг қарори билан Жаҳон Университет спорт ўйинлари ҳар икки йилда бир марта ўтказилади.

Хусусан ҳар тоқ йилда — ёзда ва ҳар жуфт йилда – қишда бўлиб ўтади. Бутунжаҳон талабалар спорт ўйинлари Олимпия ғояларига изчил амал қилган ҳолда халқаро спорт алоқаларини кенгайтириш, дунёнинг турли бурчакларидан келган талабалар ўртасида халқаро дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилади. Мусобақалар сайёрамиз талаба-ёшлари учун байрам сифатида ўтказилади.

Мамлакатимизда 2018-йил 30 мартда “Баркамол авлод” жисмоний тарбия ва спорт жамияти ҳамда Республика “Талаба” спорт уюшмаларинг Қўшма Конференцияси қарорига асосан Ўзбекистон талабалар спорти Ассоциацияси ташкил этилади.

Ассоциация ташкил этилгандан сўнг Ўзбекистонлик талабалар илк бор 2019-йил 2-12 март кунлари Красноярск (Россия) шаҳрида ўтказилган 29-Қишки Универсиада ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси 5 нафар спортчи, 2 нафар мураббий ва 2 нафар расмийлар билан 2 та спорт тури тоғ чанғиси, сноуборд бўйича иштирок этишган.

Шунингдек, 2019-йил 3-14 июль кунлари Италиянинг Неапол шаҳрида  бўлиб ўтган 30-Бутунжаҳон Ёзги Универсиада ўйинларида 112 та давлатдан беш минг 971 нафар спортчи 18 та спорт тури бўйича 222 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб бордилар. Ўзбекистон спорт делегацияси ушбу спорт тадбирида 42 нафар спортчи, 8 нафар мураббий ва 8 нафар расмийлар жами 58 нафар делегация аъзоси билан 8 та камондан отиш, енгил атлетика, дзюдо, спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика, таэквондо WТ, ўқ отиш ва теннис спорт тури бўйича иштирок этиб, якуний ҳисобда 2 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза, жами 8 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 19-ўринни эгаллайди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу натижа Ўзбекистонлик талабаларнинг Бутунжаҳон “Universiada” спорт ўйинлари тарихидаги энг юқори натижаси ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер