Бундай шароитда таълимни сифатли ташкил этиш мумкинми?

09:16 26 Февраль 2020 Жамият
2414 0

Сайловчи қачон депутатга ишонади? Қачонки, депутат унга берган ваъдалари устидан чиқа олса, қачонки, унинг муаммоларини ўрганиб, жойида ҳал этишга кўмаклашса, шундагина одамларнинг ишончи ортади. Шу нуқтаи назардан, бугун ҳар бир партия сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросига катта эътибор билан ёндашиб, аҳоли билан мулоқотлар ўтказишга жиддий аҳамият қаратяпти.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси ҳамда партиянинг Марказий Кенгаши аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи шу йилнинг 19 — 22 февраль кунлари Жиззах вилоятида бўлиб, у ерда таълим-тарбия соҳасида мактабгача таълим муассасалари ва умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш, унинг сифатини ошириш ҳамда ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини ўрганди. Маданият марказлари фаолияти, маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ижтимоий-маънавий муҳит, оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва аҳоли бандлиги бўйича қилинаётган ишлар билан танишди.

Ўрганишларда мактабларда ўқув ўринларининг сони реал ўқувчилар сонига нисбатан номутаносиблиги, кутубхона, ошхона, спорт ва фаоллар залларининг аксарият мактабларда яроқсиз ҳолдалиги, иситиш тизимидаги носозликлар, ичимлик сув билан етарлича таъминланмагани, мактабдаги тўгараклар фаолиятининг тўғри ташкил этилмагани, мактаб учун мусиқа асбоблари, спорт ва лаборатория жиҳозларининг янгиланмагани, мактабгача таълим ва олий таълим тизимлари билан узвийликни таъминлашга эътибор қаратилмагани аниқланди.

Вилоятдаги аксарият мактабларда ошхона ташкил этилмаган. Саноқли таълим муассасаларида буфетлар мавжуд бўлиб, уларда санитария қоидалари ва меъёрларига тўғри келмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилган. Арнасой тумани 8-умумтаълим мактабидаги буфетнинг ижара шартномасида газ, электр, иссиқ ва совуқ сув, сув қувурлари мавжуд эмаслиги қайд этилган ҳолда, у мутасадди ¬ташкилотлар томонидан уч томонлама имзоланган. Мазкур шартнома Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли қарори ¬талабларига зид.

Ишчи гуруҳ томонидан ўрганилган таълим муассасаларида кутубхоналар бадиий адабиётлар, электрон ўқув дарсликлари билан охирги 20 йилликда ¬таъминланмаган, айниқса, лотин алифбосидаги бадиий адабиётларга эҳтиёж мавжуд.

Умумий ўрта таълим мактабларида ҳам таълим сифати қониқарсиз аҳволда. Бу депутатларнинг мактаб ўқувчилари билан ўқув дарсликлари юзасидан ўтказган суҳбатида аён бўлди. Шунингдек, ўқув лаборатория жиҳозлари йўқлиги, ҳатто 10 ва 11-синф ўқувчиларининг дарсдан кетиб қолиш ҳолатлари учраётгани ташвишланарлидир.

Зарбдор туманидаги Жиззах вилояти халқ таълими бошқармасига қарашли Кар ва соқов болалар махсус мактаб-интернатида касбий таълим бўйича жиҳозлар, дурадгорлик, тикувчилик асбоблари, физика, кимё фанларидан ўқув лаборатория жиҳозлари йўқ. Ошхона музлаткичларидаги гўшт маҳсулотлари қорайиб, сифати бузилган ҳолда сақланаётгани аниқланди. Ўқувчиларга кечки пайт тарбиячилар томонидан ¬тазйиқлар ўтказилаётгани маълум бўлди. Депутатлар бу бўйича зарур чоралар кўрилишини билдирди.

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан берилган маълумотларга кўра, аксарият мактабгача таълим муассасаларида бир талай муаммолар бор. Депутатлар мавжуд камчиликларни бартараф этишга оид айрим таклифларини илгари сурди.

Ўрганишлар жараёнида фуқаролар томонидан бир нечта мурожаат қабул қилинди ва уларнинг айримлари жойида ҳал этилди. Хусусан, “Миллий тикланиш” ДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров билан бўлган сайёр қабулда 2005 йилда Пахтакор туманида туғилган Гавҳар Кенжаева икки томонлама буйрак қуриши касаллигига чалингани ва ҳозирги кунда операцияга муҳтожлиги бўйича мурожаат этди. Бемор ҳозир пойтахтда тиббий кўрикдан ўтказилмоқда ва унга ордер олишда кўмаклашиляпти.

Зафаробод тумани фуқароси Мафтуна Улашева моддий ёрдам ажратиш ва фарзандларини мактабгача таълим муассасасига жойлаштиришда ёрдам сўради. Бу масала ҳам жойида ҳал қилинди.

Умуман айтганда, депутатларнинг жойларда олиб бораётган ўрганишлари, аҳоли билан ташкил этаётган очиқ мулоқотлари эзгу мақсадга — ҳар бир инсоннинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашини кафолатлаш, энг муҳими, парламент аъзоларининг халқ билан ёнма-ён, елкама-елка туриб ишлаши, ундан узилиб қолмаслигини таъминлашда долзарб аҳамият касб этади.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер