Бухородаги яна қайси ёдгорликлар ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилиши мумкин?

17:29 18 Июнь 2020 Маданият
4852 0

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, ЮНEСКО ишлари бўйича миллий комиссия, Маданий мерос департаменти, вилоят маданий мерос бошқармаси ва Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти (МИТСАИ) ўзаро ҳамкорликда Бухородаги бир қатор тарихий обидаларни ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш мақсадида номзодлик ҳужжатларини тайёрладилар. Бу меъморий ёдгорликлар қаторида Чор Бакр ва Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Вобкент минораси, Чашмаи Аюб ва Сомонийлар мақбаралари, қадимги Пойкент, Варахша, Вардонзе ва Қўрғони Ромитан археологик объектлари бор.

— Зарур ҳужжатлар маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида, илғор ва юқори технологик ускуналардан фойдаланган ҳолда тайёрланди,— дейди вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Шерзод Маҳмудов. — Давлатимиз раҳбарининг шу йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида юртимизда 8200 дан зиёд маданий мерос объекти мавжудлиги, туризм маршрутларига уларнинг атиги 500 таси киритилганлиги айтиб ўтилганди. ЮНEСКОнинг Умумжаҳон моддий маданий ва номоддий маданий мероси рўйхатига Ўзбекистондаги янги объектларни киритишни тезлаштириш юзасидан топшириқлар берилганди. Бу хайрли юмуш шу топшириқ доирасида амалга оширилди.

Мутахассисларнинг эътироф этишларича, 2500 йиллик бой тарихи давомида Бухорода жуда кўп сулолалар ҳукмронлик қилган, беҳисоб тарихий шахслар яшаб ўтган. Ҳукмдорлар, мансабдор бойлар ва тарихий шахслар томонидан мадрасаю масжидлар, мақбаралар, савдо марказлари, карвонсаройлар, ҳаммомлар ва бошқа маданий мерос объектлари барпо этилган. Шундай объектларнинг катта қисми тарихда рўй берган турли табиий офатлар, босқинлар сабабли вайрон этилган ёки йиллар давомида қумлар остида қолиб кетган. Аммо археологик ёдгорлик сифатида сақланиб қолинган. Шу ўринда бир мисол. Тақдир ўтган йилда шаҳарнинг Меҳтар Анбар кўчасидан ташландиқ бир ҳовлини сотиб олган ва бу ерда уй меҳмонхонаси барпо этмоқчи бўлган тадбиркор Муҳаммадсаид Болтаевни ана шундай синоатга рўбарў қилди.

Қазишма ишлари чоғида қадимий иншоот қолдиқлари топилди. Шунда Муҳаммадсаид ака зудлик билан мутахассисларга мурожаат қилди.

— Улар берган маслаҳатга кўра, тарихий ёдгорликни қўл кучи билан авайлаб очишга киришдик, —​ дейди тадбиркор. —​ Нечоғли қийин кечмасин, юмушларга техникани жалб этмадик.

Олти сотихдан зиёд майдонни эгаллаган ҳудудда катта ҳажмдаги тупроқ ишлари бажарилгач, ер устидан чамаси беш-олти метр чуқурликда қадимий иншоот бутун бўй-басти билан кўзга ташланди. Табиийки, археолог ҳамда тарихчи олимлар бу ёдгорликни синчиклаб кўздан кечиришди. Аниқланишича, бу Кавши олак ҳаммомидир. Унинг XV-XVI асрларда қурилгани тахмин қилиняпти.

—​ Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сонли «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ тайёрланган «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Миллий рўйхати»га Бухоро вилоятининг 829 та моддий маданий мерос объекти(археология, архитектура, монументал санъат ёдгорликлари, диққатга сазовор жойлар) киритилган, —​ дея давом этади Ш. Маҳмудов. —​ Амалда эса вилоятда бундан ҳам кўпроқ тарихий аҳамиятга эга объектлар мавжуд. Улар ҳозирга қадар ўрганилмасдан қолмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, айни дамда Бухоронинг эски шаҳар қисмидаги бир қатор ёдгорликлар ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Осори атиқаларни дунё миқёсида тарғиб қилиш,уларни туризм маршрутларига киритиш ҳамда янги тарихий-маданий қийматга эга бўлган масканларни топиш, ўрганиш мақсадида Бухоро вилоятидаги моддий маданий мерос объектларининг тарихи, улар тўғрисидаги афсона ва ривоятлар ҳамда фотосуратларини ўзида мужассамлаштирган тарихий, илмий-оммабоп китоб-альбом тайёрлаш ҳам режалаштирилган.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер