Бухорода ўндан зиёд ННТ давлат грантини олди
Фото: Истам Иброҳимов / Халқ сўзи
Бухорода халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган танловнинг ўндан зиёд ғолибларига давлат гранти сертификатлари топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда алоҳида таъкидланганидек, янгиланаётган жамиятимизда нодавлат нотижорат ташкилотлар мавқеи ва аҳамияти тобора ошмоқда. Шу нуқтаи назардан муносиб лойиҳаларга берилган давлат грантлари ҳар бир ННТнинг ўз олдига қўйган эзгу мақсадини рўёбга чиқаришида қўл келади.
– Танловда намунали оилалар сафини кенгайтиришга доир лойиҳамиз билан иштирок этиб, ғолиблар қаторидан ўрин олдик,- дейди “Сайқал” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Бобур Каримов. – Лойиҳага мувофиқ, вилоятимиздаги 30 та маҳаллада мавзу юзасидан семинарлар, жонли мулоқотлар ўтказамиз. “Меҳр маданияти: генезис, назария, амалиёт” китобини нашр этиб, уларни аҳолига тарқатамиз. Асосий мақсадимиз шуки, жамият бош бўғини бўлган оилаларимизда меҳр-оқибат ришталари ҳамиша устун бўлсин. Соғлом маънавий муҳитга эга оилаларда камол топган фарзандлардан эса ёмонлик чиқмайди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг