Бухорода Конституция айёми янги инфратузилма билан қаршиланди
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси айёми кунларида Бухоро тумани маркази саналган Галаосиёда истиқомат қилувчи аҳоли учун байрам туҳфаси яратилди. Бу ерда марказий поликлиниканинг 22 минг аҳолига хизмат кўрсатадиган филиали янги биноси фойдаланишга топширилди.
— 2 миллиард 548 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилган ушбу иншоотда галаосиёликларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш учун барча қулайликлар яратилган, — дейди меҳнат фахрийси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Беҳбуд Жумаев. — «Инсон қадри учун» тамойили асосида жорий йилда вилоятимизда амалга оширилган бундай хайрли ишлар ва лойиҳаларни санаб адоқлаш мумкин.

Бунёдкорлик соҳаси мисолида, 2025 йил дастурлари доирасида 477 та объект барпо этилган бўлиб, шуларнинг 156 таси ижтимоий соҳага оид иншоотлардир. Вилоят аҳолиси Конституциямиз 33 йиллигини ана шундай ютуқлар билан байрамона кайфиятда қарши олди.
Байрам муносабати билан вилоят мусиқали драма театрида тантанали тадбир ўтказилди. Унда иштирок этган Бухоро вилояти ҳокими Б.Зарипов Бош қомусимиз юрт тараққиётининг асосий пойдевори эканини таъкидлаб, ҳудудда ижтимоий-иқтисодий йўналишларда эришилаётган муваффақиятларга тўхталиб ўтди.
Санъат усталари, бадиий жамоалар ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактаблари тарбияланувчилари томонидан тайёрланган концерт дастури тадбир иштирокчиларига кўтаринки руҳ улашди.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг