Бухорода халқаро фестиваль бўлиб ўтмоқда

19:32 21 Май 2022 Жамият
1373 0

Фото: Халқ сўзи

Бухоро шаҳрида Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали бўлиб ўтмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йилнинг 29 апрелидаги қарорига мувофиқ ўтказилаётган бу нуфузли анжуман қатнашчиларнинг Арк қўрғонидан Нодир Девонбеги мадрасасигача бўлган 1,2 километр масофада тантанали юришлари билан бошланди.

Халқ амалий санъатининг шу икки йўналишидаги энг яхши анъаналарни ривожлантириш, зардўзлик ва заргарликнинг ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, ўзаро тажриба алмашиш, ҳунармандчилик мактабларини сақлаш ва қайта тиклаш, ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини янада ошириш каби эзгу мақсадлар кўзда тутилган мазкур тадбир нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Фестиваль тадбирларида қатнашгани дунёнинг ўндан зиёд давлатидан соҳа мутахассислари, экспертлар, ҳунармандлар, сайёҳларнинг ташриф буюргани бунинг тасдиғидир.

— Шу халқаро фестивални томоша қилгани атайин Бухорога келдик, — дейди индонезиялик сайёҳ Веби Журмавати. — Юртингизда илк бор бўлишим.Ислом оламида беназир зот саналган Имом ал-Бухорий таваллуд топган Бухорода бўлиш кўп йиллик орзуйим эди. Ниятимга етганимдан хурсандман. Бу ердаги байрамона руҳ, одамлар чеҳрасидаги табассум, халқингиз меҳмондўстлиги мени Бухорога ипсиз боғлаб қўйди. Халқ амалий санъати усталарига тасанно айтаман. Бу ерда ўтказаётган кунларимнинг ҳар бир лаҳзаси мен учун эсда қоларли кечмоқда.

Айтиш жоизки, халқаро фестивалга катта ҳозирлик кўрилди.Тадбир дастуридан ҳунармандлар кўргазма- савдосини уюштириш, халқаро конференция ўтказиш, каштадўзлик билан боғлиқ миллий кўргазма, модалар намойиши, халқ амалий санъати усталарининг маҳорат сабоқлари ўрин олган. Шунингдек, турли вилоятлардан келган фольклор жамоалари, қўғирчоқбозлар, дорбозлар томонидан концерт дастурлари намойиш этиляпти.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер