Бухорода «Ишбилармон аёл-2022» кўрик- танлови ғолиблари аниқланди

15:37 11 Август 2022 Жамият
563 0

Фото: Халқ сўзи

Маҳтоб Одилова Бухоронинг эл ташвишида юрган, камтарлиги билан обрў-эътибор топган тадбиркор аёлларидан. Тиниб-тинчимас бу юртдошимизни қачон қараманг, бир хайрли иш бошида кўрасиз.

— Бундан 15 йил муқаддам енгил саноат йўналишида “Banoaz  Tekstile” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиб, ўнлаб хотин-қизларни иш билан таъминлаган эдик, —  дейди у. — Кейин эса фаолиятимизни кенгайтирдик. Ромитан ва Когон туманларида ташландиқ аҳволдаги беш гектар ерни эпақага келтириб, иссиқхоналар ташкил этдик. Ўғил- қизларимизнинг спорт билан шуғулланиб, вақтларини мазмунли ўтказишлари учун ёзги ва қишки спорт майдончалари барпо этдик. Вилоятимизнинг туристик салоҳиятини оширишга ҳам ўз ҳиссамизни қўшиш ниятидамиз. Шу мақсадда Бухоро шаҳрида 34 ўринли замонавий меҳмонхона қуришни ниҳоясига етказяпмиз.

Маҳтоб опанинг фаолияти хусусида тўхталганимиз бежиз эмас. Агар кишида аниқ мақсад, иштиёқ, қатъият бўлса, давлатимиз яратиб бераётган имкониятлардан фойдаланиб нафақат ўзининг, балки юртдошларининг ҳам ташвишини енгиллатиши, хайрли ишлари ортидан барака топиши тайин. «Ишбилармон аёл-2022» республика кўрик-танловининг Бухоро вилоят босқичида ана шу жиҳатлар эътиборга олиниб, тадбиркорнинг меҳнатлари алоҳида эътироф этилди. «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» шиори остида OʼzLiDeP томонидан қадимий Модарихон мадрасасида ўтказилган мазкур кўрик-танловда М. Одилова биринчи ўринга муносиб кўрилди. Қоровулбозор туманидаги «Ал-Нур», Вобкент туманидаги “Chinar Mushroom” масъулияти чекланган жамиятлари раҳбарлари - Мафтуна Саидова ва Чинора Юсуповага фахрли 2- ва 3- ўринлар насиб этди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер