Бухорода ғаллачиликдан олинадиган соф фойда 190 миллиард сўмга етмоқда​

10:31 26 Июнь 2020 Иқтисодиёт
1076 0

Иллюстратив фото

Тандирдан эндигина узилган нон ҳидидан ҳам лаззатлироқ , тотлироқ нарса дунёда бормикан? Йўқ, албатта. Дастурхонимиз кўрки бўлган бу шоҳ неъматни қўлга оларкан, боболаримизнинг деҳқон ҳақига дуо қилишлари ҳам бежиз эмас. Зеро, ерга қадалган доннинг кўкариб, дарёдай мавжланиб бошоқ тугиши ўз-ўзидан бўлмайди.Бунинг замирида заҳматли меҳнат ётибди.

Бухоро вилояти деҳқонларининг давлат шартнома режасини ошириб адо этишгани ҳақидаги хушхабарни эшитиб шу ҳақида ўйладик.Ахир, оз эмас, кўп эмас, 179 минг тоннадан зиёд сара дон етиштириб, уни давлат қабул пунктларига топшириш айтишгагина осон.

Ғалла хирмонларининг юксалишида айниқса, Қоровулбозор, Вобкент, Пешку, Жондор туманлари фермерлари қўшган ҳисса салмоқли бўлди.

Соҳа мутахассисларининг эътироф этишларича, 12 минг гектар майдонга эга 9 та ғаллачилик кластери ташкил этилгани, фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлиги оширилгани, агросаноат тизимига янгича ёндашувларнинг жорий қилингани ютуқлар омили бўлди. Ўрим-йиғимга 191 та комбайн, 955 та автомашина ва бошқа техника воситалари жалб этилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ғаллачиликдан олинадиган соф фойда 190 миллиард сўмга етмоқда.

Ҳали бу ҳаммаси эмас. Ғалладан бўшаган 49 минг гектар ерда такрорий экин экилмоқда. Кам таъминланган, моддий кўмакка муҳтож оилалар, ишсиз ёшлар рўйхати шакллантирилиб, уларга имкониятидан келиб чиққан ҳолда ер ажратиляпти. Бу эса яна юзлаб оилалар турмуши фаровонлашишидан, бозорларимиз янада тўкин бўлишидан далолатдир.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер