Бухорода “Алабуга” махсус иқтисодий зонасининг филиали ташкил этилади

20:32 07 Октябр 2023 Жамият
1007 0

Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида “Ўзбекистон — Россия” ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўтказилди.

— Бу нуфузли форумда вилоятимиз ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги вилоят делегациясининг иштироки самарали кечяпти, — дея хабар берди Бухоро вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Олимжон Жўраев. — Таркибида инвестициялар, саноат ва ташқи савдо бошқармаси ҳамда “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонаси вакиллари ва бир гуруҳ тадбиркорлар бўлган делегация аъзолари икки томонлама ҳамкорлик юзасидан музокаралар олиб бордилар. Россиялик ҳамкорлар билан умумий қиймати 252 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармоявий келишув ва савдо шартномалари туздилар.

Бу ўринда гап Бухорода металл қувурлар ишлаб чиқариш, гипсни қайта ишлаш, IT парк ташкил этиш каби лойиҳаларни рўёбга чиқариш, тўқимачилик саноати соҳасида ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш каби йўналишлар ҳақида кетмоқда.

Форум доирасида бухороликлар “Алабуга” махсус иқтисодий зонаси фаолияти билан яқиндан танишдилар. “Алабуга” татарча сўз бўлиб, олабуға (балиқ) маъносини англатади. Қозон шаҳридан 210 километр узоқликда жойлашган бу қишлоқ 1750 йилда пайдо бўлган. Шу гўша номи билан аталувчи махсус иқтисодий зона 2005 йилда ташкил этилган. Унда 15 дан зиёд корхона ва фирма фаолият кўрсатмоқда. Улар энергия тежовчи инновацион технологиялардан оқилона фойдаланиш борасида катта тажриба тўплашган.

Диққатга молик яна бир жиҳати, бу ерда экспортга йўналтирилган, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Пировардида Бухорода 100 гектар майдонда ушбу зонанинг филиалини ташкил этиш юзасидан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер