Бугундан эътиборан тожикистонликлар Ўзбекистонга визасиз кириши мумкин
Шу мазмундаги хабарлар айни кунларда кўплаб хорижий оммавий ахборот воситаларининг асосий мавзуларидан бирига айланди.
Маълумки, Юртбошимизнинг Тожикистонга амалга оширган давлат ташрифи доирасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланди. Унга кўра, икки мамлакат фуқаролари 30 кунгача визасиз ўзаро сафар қилишлари мумкин.
Баъзи чет эл оммавий ахборот воситаларида ушбу масала билан боғлиқ турли талқинлар ҳам пайдо бўлди. Яъни уларда қардош халқларнинг янада яқинлашуви жараёни визаларсиз тартиб ҳақидаги келишувнинг кучга кириши билан боғлиқ “расмиятчиликлар” туфайли “бир оз чўзилиши” мумкинлиги айтилди. Бироқ Ўзбекистон раҳбарининг масалага оқилона ёндашуви, сиёсий иродаси, қатъияти туфайли бундай шубҳаларга барҳам берилди. Аниқроғи, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Битим кучга киргунга қадар унинг қўшни давлат вакилларига нисбатан қўлланилиши юзасидан қарор қабул қилди. Шунга мувофиқ, 2018 йилнинг 16 мартидан эътиборан тожикистонликлар мамлакатимиз ҳудудида визасиз 30 кунгача бўлишлари мумкин. Бунинг учун уларга фақат амалдаги сафар ҳужжати, яъни дипломатик, хизмат ёки хорижга чиқиш умумий фуқаролик паспорти лозим бўлади.
Хорижлик шарҳловчилар Ўзбекистон раҳбарининг ташаббусини катта воқелик сифатида эътироф этмоқда. Бундай қувончли кайфият, энг аввало, Тожикистон оммавий ахборот воситаларида ҳукм сурмоқда. Хусусан, “Азия-плюс” ва “Авеста” ахборот агентликлари энди тожикистонликлар бемалол, ҳеч қандай муаммоларсиз қўшни давлатдаги қариндошлари ҳамда дўстларини бориб кўришлари мумкинлигини таъкидлайди. “Озодагон” агентлигининг фикрича, ўзбек ва тожик халқларини қалбан яқинлик бирлаштиради. Давлатлар ўртасидаги алоқаларнинг илиқлашуви эса чегараолди ҳудудларида яшовчи оддий инсонлар ҳаётини осонлаштиришга хизмат қилади.
Ўз навбатида, Қирғизистоннинг “АКИ-Пресс” янгиликлар агентлиги қабул қилинган қарорни Ўзбекистоннинг “Янгиланган ташқи сиёсати маҳсули”, деб атар экан, расмий Тошкент Тожикистон билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга азму иродасини намоён қилганини эътироф этади.
Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуси Ҳиндистон матбуотида ҳам катта акс садо берди. Чунончи, бу ерда нашр қилинадиган нуфузли “Economic Times” газетаси мухбирлари таъкидлаганидек, Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи “Ҳайратланарли даражада қисқа муддатда” ижобий натижаларни бермоқда.
Озарбайжоннинг “Тренд” агентлиги эса Ўзбекистон “Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё — биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир” тамойилини ҳаётга татбиқ қилаётганини ниҳоятда юқори баҳолади.
Анвар МИРЗАЕВ
(«Халқ сўзи») тайёрлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг