Бугун Ўзбекистон ва Туркия саломатлик бизнес форуми якунланмоқда

10:06 05 Декабрь 2019 Жамият
1644 0

Аввал хабар берганимиздек, юртимизда бўлиб ўтаётган “Саломатлик ҳафталиги” доирасида соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида биринчи ўзбек-турк бизнес форуми бугун ўз ишини якунлайди.

Шу йил февраль ойида Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюросининг юқори даражадаги вазирлар иштирокидаги соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда вазиятлардан одамларни ҳимоя қилиш учун кучларни бирлаштириш мавзусига бағишланган йиғилишда Тошкентда ўзбек-турк форумини ташкил этишга келишилиб, икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлари Алишер Шодмонов ва Фахриддин Кожа 2019-2020 йилларга мўлжалланган ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган “Йўл харитаси”ни имзолаган эди.

Ушбу саъй-ҳаракатлар самарасида ташкил этилган мазкур бизнес-форумнинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг олий даражадаги учрашувлари, дўстона сиёсати туфайли қардош халқларимиз ўртасида кўп асрлик умумий тарихга, маданият ва урф-одатларга эга бўлган дўстлик ришталари, шунингдек, ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётгани таъкидланди.

- Мазкур форум икки давлат алоқалари тарихида биринчи марта ўтказилди, – деди Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Кожа. – Форум мобайнида ҳар икки мамлакат соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари томонидан қатор манфаатли келишувларга эришилди. Жумладан, шошилинч ва тез тиббий хизмат, фармацевтика, тиббий таълим, онкология ва радиология, гематология ва қон қуйиш, педиатрия, акушерлик ва гинекология, саломатлик туризми, хусусий тиббиёт каби қатор муҳим йўналишларда меморандумлар имзоланди. Эндиликда соғлиқни сақлаш ва фармацевтика борасида Ўзбекистонга турк инвестицияларининг кириб келиши янада ортади, – деди жаноб Ф. Кожа.

Ана шундай инвестициялардан бири – ўлкамизда қарайб йигирма йилдан буён фаолият кўрсатаётган “Нобел Фармсаноат” фармацевтика ишлаб чиқариш корхонасидир.

– “Nobel İlaç” корхонаси 1964 йилда ташкил этилган бўлиб, ярим асрни ортда қолдирган ўтмиши мобайнида қатор янгиликларни жорий қилган ва муваффақиятларга эришган холдинг ширкатидир, – деди компания бошқарув ҳайъати раиси жаноб Хасан Улусой. – Туркияда ва мамлакат хорижида жами 3000 ходими билан, юқори стандартларга эга дори-дармон соҳасида GMP стандартларига мос, сифатли ишлаб чиқариш фаолиятларини амалга оширмоқда ва ўз маҳсулотларини бутун дунёга экспорт қилмоқда. Бир-биридан алоҳида учта илмий-тадқиқот марказимизда аксарияти мутахассислардан иборат жами 120 ходим фаолият кўрсатмоқда. Биотехнология бўйича илмий-тадқиқот марказимиз яқинда ишга тушди.

Туркияда уч, Ўзбекистон ва Қозоғистонда биттадан, жами беш ишлаб чиқариш заводимиз йилига 200 миллион қути дори маҳсулоти ишлаб чиқариш имкониятига эга.

Бизлар ўз юртимиздан хорижда ишлаб чиқариш корхонамизни ташкил этган илк давлат – Ўзбекистон ҳисобланади.“Nobel Pharmsanoat” эса, “Ота юртимиздаги бир Турк фирмаси”дир. Ҳозирги кунда “Nobel Pharmsanoat” GMP (энг мақбул ишлаб чиқариш амалиёти) стандартларига мувофиқ, бир навбатда йилига 10 миллион қути дори ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, 70 фаол модда негизида 130 шаклда маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Ушбу дори воситаларимизнинг 5 тури тўлиғича маҳаллий хомашёдан тайёрланади. Жами инвестицияларимиз миқдори 40 миллион АҚШ долларига етган, фирмамизнинг юқори даражада экспорт учун имконият берувчи янги заводида таблетка, қопламали таблетка, капсула, суспензия кукуни шаклларида ишлаб чиқариш амалга оширилмоқда ҳамда томчи, спрей ва бурун учун спрей шаклларида маҳсулот ишлаб чиқариш учун инвестицияларимизни давом эттирмоқдамиз.

“Nobel Pharmsanoat”, Ўзбекистондаги фаолиятлари билан бир қаторда, Қозоғистон, Афғонистон, Грузия, Тожикистон каби давлатларга маҳсулот экспорт қилмоқда.Уч турдаги маҳсулотимиз Туркияда рўйхатдан ўтди ва экспорти амалга оширилди.

Ушбу сафаримиз мобайнида ҳам муҳтарам Президент Мирзиёевнинг узоқни кўра олиш лаёқати ва бу хусусда қўйилган жасурона қадамлар, ҳам ўзбек халқининг қайноқ меҳмондўстлиги бизларни ўз уйимиздагидай ҳис қилдирди. Аввал Тошкентда бўлиб ўтган ва ҳар икки давлат раҳбарларимиз ташриф буюрган Ўзбек-Турк бизнес форумидаги маърузаларида ҳурматли президент Шавкат Мирзиёевнинг менга ва фирмам шаънига билдирган лутфли сўзлари иш фаолиятимнинг энг муҳим хотираларидан биридир. Бизлар ўзимизни эндиликда Ўзбекистоннинг ажралмас бир бўлаги ўлароқ кўрмоқдамиз.

Бизнес-форум иштирокчилари мамлакатимизнинг етакчи клиникаларида бўлиб, тажрибалар билан ўртоқлашишди, беморлар ҳолидан хабар олишди, шунингдек, бетакрор Бухоро ва Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер