Бугун халқ ишонган номзодлар маълум бўлади
2019 йил 22 декабр куни бўлиб ўтган сайловларда Қашқадарё вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 133-Яккабоғ ва 135-Ғузор сайлов округлари, Халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи 11-Деҳқонобод, 31-Янгиобод, 48-Жар, 56-Чайдари, 57-Қўшчинор, 58-Қишлиқ сайлов округларида 50 фоиздан зиёд овоз тўлай олмаган депутатликка номзодлар учун 2020 йилнинг биринчи якшанбаси, яъни бугун, 5 январ куни қайта сайлов жараёнлари бўлиб ўтмоқда.
Айни вақтда 135-Ғузор сайлов округига қарашли барча сайлов участкаларида такрорий овоз бериш жараёнлари қизғин давом этмоқда.Округ маълумотларига кўра, куннинг биринчи ярмида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайловига такрорий овоз бериш учун жами 131 339 нафар сайловчидан 27 843 нафари, яъни 21.2 % сайлов участкаларига ташриф этиб,ўз номзодлари учун такрорий овоз берди.
-Бугун нуроний отахону онахонларимиз ҳам ўзларининг конститутциявий ҳуқуқларидан фойдаланишмоқда,-дейди Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Ғузор тумани бўлинмаси раиси Ҳусниддин Нуриддинов. — Биз оила аъзоларимиз билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови бўйича 52-сайлов участкасида такрорий овоз бериш жараёнида фаол қатнашиб, муносиб деб билган номзодга овоз бердик.Бугун шуниси маълумки, қанча одам келишида қатъий назар энг кўп овоз олган номзод сайланади. Бошқача айтганда халқимиз энг кўп ишонч билдирган киши депутат бўлади. Мен уларга ана шу ишончни оқлашга ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилишида омад тилаб қоламан.
Такрорий овоз бериш давом этмоқда.
Аҳад Муҳаммадиев, "Халқ сўзи"
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг