Бу шундай дафтарки, унда ёшлар ва аёлларнинг букилмас иродаси, қатъияти ва олижаноб мақсадлари акс этади
Янгиланаётган ва ёшараётган Ўзбекистоннинг муҳим таянчи бу – ёшларимиз ва хотин-қизларимиз ҳисобланади. Биз уйғониш даври остонасига қадам қўяётган, Янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини юксалтиришга интилаётган эканмиз, бу саъй-ҳаракатларимизни ижтимоий фаол, ўз кучига ишонган, ҳар томонлама баркамол ёшлар ва аёлларсиз тасаввур қила олмаймиз. Аммо тан олишимиз керак, ишсиз, ҳунарсиз, ҳатто яккаланиб қолган, халқ тили билан айтганда уюшмаган ёшлар, аёллар қатлами ҳам мавжудки, уларни четга суриб қўйиб, олдимизга қўйилган олижаноб мақсадларимизга эриша олмаймиз.
Хўш, уларни қайси жиҳатлари билан бошқаларидан фарқлай оламиз? Қандай қилсак, бундай фуқароларимизни ижтимоий фаол, ўз позицияси ҳамда мақсадлари сари дадил қадам ташлаётганлар сафига қўша оламиз?
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 8 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида айнан шу муаммолар таҳлил қилинди ва бу борада мутлақо янги тизим яратилиши хусусида фикр юритилди.
Эндиликда «темир дафтар»дан фарқли ўлароқ, «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» шакллантирилади. Бундай дафтарлардан кўзланган мақсад ёшлар ва аёлларни фақат билимли, ҳунарли касбли ва ишли қилишдангина иборат эмас, балки уларга мотивация уйғотиш, яъни эртанги кунга ишонч, яшашга иштиёқ ва юртга муҳаббатни шакллантиришдан иборатдир. Бунинг замирида ватанпарварликдек улуғ туйғу мужассам.
Видеоселекторда мутасаддиларга ушбу тизимнинг намунавий шаклини ишлаб чиқиш ва мамлакатимиздаги 28 та ҳудудда синовдан ўтказиш вазифаси юклатилди. Бинобарин, бу масала парламентни, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатларини фаолликка ундамоқда. Қолаверса, партиямиз дастурида ҳам ёшлар ва хотин-қизлар масаласига катта эътибор қаратилган. Айниқса, касаначиликни ривожлантириш, уй меҳнати билан машғул бўлган аёлларга шарт-шароитлар яратиш, якка тартибдаги тадбиркор ва кичик бизнесни ривожлантириш асосий мақсадларимиздан қилиб белгиланган.
Ўзим депутат сифатида ҳудудларга борганимда, сайловчилар билан юзма-юз учрашганимда юрагини очишга ийманиб, тортиниб турган, ўз муаммоларини яшираётган кўплаб аёлларга дуч келганман. Баъзи ёшлар эса муаммоси ҳал бўлмагани учун ўзи ёлғиз, ҳеч кимдан мадад сўрамасдан ҳаракат қилишни афзал кўради ёки хорижга чиқиб кетмасам бу ерда иш топа олмайман деб ўйлайди. Фақат тирикчилик учун етадиган даромад топаётган ана шундай ёшлар орасида иқтидорлилари, оламшумул кашфиётлар яратишга қодирлари жуда кўп. «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» шакллантирилаётганда бу масалаларга катта эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблайман.
Мен аминманки, ёшлар, аёллар билан боғлиқ масалалар долзарблигини йўқотмайди ва бу биз депутатлардан фаол, ташаббускор ҳамда чуқур билим ҳамда салоҳият билан фаолият олиб боришни тақозо этади.
Дилбар УСМОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
OʼzLiDeP фракцияси аъзоси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг