Бу менинг танловим – бу менинг Конституциям!

11:31 05 Апрель 2023 Сиёсат
720 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг Конституциявий қонун лойиҳаси мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган ташвиқот тадбирлари давом этмоқда.

Самарқанд давлат чет тиллар институти билан ҳамкорликда ташкил қилинган навбатдаги тадбирда Қонунчилик палатаси депутатлари Наврўз Ризаев ва Ғайрат Абдиев, O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши фаоллари, Ёшлар парламентининг вилоятдаги аъзолари, институт профессор ўқитувчилари ва 3 минг нафарга яқин талаба ёшлар иштирок этди.

Депутатлар, партия фаоллари янгиланаётган Конституциямизнинг аҳамияти ҳақида йиғилганларга кенг тушунтиришлар берди. Шу билан бир қаторда таълимдаги  ўзгартиш ва қўшимчаларнинг келгусида ёш авлод камолоти ва ҳимояси борасида батафсил тўхталди.

Олий таълим ташкилотларига академик эркинлик берилиши, танлов асосида давлат ҳисобидан бепул олий маълумот олиниши, нодавлат таълим ташкилотлари қўллаб-қувватланиши тўғрисидаги қоидалар ёш авлод ҳаётини яхшилаш, уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, замонавий мутахассисликларни эгаллаган ҳолда ҳаётда ўз ўрнини топиши ва шахсий ривожланиши учун имконият яратади.

Охирги олти йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 210 тага, уларга қабул эса 5 бараварга ортиб, талабалар сони 1 миллионга, олий таълим қамрови –9 фоиздан 38 фоизга ошди. Давлат грантлари сони ҳам 2 баравар кўпайиб, 40 мингтага етди, шундан, магистратура учун 5 баравар кўпайди.

Янгиланаётган Конституциямизга киритилаётган ўзгартишлар давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мактаблар ва ўқитувчилар фаолиятига асоссиз аралашувга, педагог кадрларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, уларнинг меҳнатга мажбурланишига, таълим-тарбия жараёнига тўсқинлик қилишга, ўқитувчилар ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик бўйича комплекс чораларни кўришга хизмат қилиши таъкидланди.

Тадбир якунида депутатлар, партия фаоллари барча тадбир иштирокчиларини  30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишга чақирди.

Кўтаринки руҳда ўтган тадбирда вилоят маданият бўлими хонандалари, ҳаваскор талаба ёшлар Ватан, тинчлик ҳақидаги қўшиқларни ижро этиб, иштирокчиларга хуш кайфият улашди.

Абдулазиз Йўлдошев
"Халқ сўзи"

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер