«Бу кунларнинг баҳоси йўқ»

“Хонадонимизда ҳар куни байрам. Қўни-қўшнилар, қариндош-уруғ, ўқувчи-ёшлар йўқлаб келишади, суҳбатга тутишади, учрашувларга олиб кетишади. Бундан жуда хурсандман. Куни кеча эса ҳокимиятдан вакиллар келиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бизга йўллаган табригини ўқиб беришди. Ундаги қайноқ меҳр, юксак ҳурмату эҳтиромдан бошим осмонга етди. Урушда дийдам қотган, унча-мунчага йиғламайман, аммо бу хат мени йиғлатди. Бизни қадрлаганларнинг азиз боши ҳамиша омон бўлсин. Яна қаерда дам олишни истасам, ўша ерга бепул йўлланма беришларини айтишди. Эҳ-ҳе, бир инсонни ҳурмат қилиш шунчалик бўлади-да! Бугунги кунларнинг баҳоси йўқ, шундай дориламон замонга етказгани учун беҳисоб шукроналар айтаман...”
Бу сўзлар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Низом ота Нуриддиновга тегишли.
Пойтахтимизнинг Чилонзор тумани, Бешқўрғон маҳалласида истиқомат қилувчи отахонни йўқлаб борганимизда, “Маҳалла” ва “Нуроний” жамғармаларининг туман бўлимлари мутасаддилари ҳам шу ерда экан. Улар отахонга Юртбошимиз совғаси — тилла суви юритилган соат ва беш миллион сўм пул мукофотини тақдим этишди. Низом ота бу эътибор ва ғамхўрликдан болаларча шодланиб, соат тақилган қўлини кўтарганча: “Ярашдими?” деб сўрайди. Бунга жавобан эса ҳаммадан олдин у кишининг ёнида эркаланиб ўтирган олти ёшли эвараси Диёра: “Ярашди, бобожон, ярашди”, дея қийқиради. Ундаги завқ-шавқ бошқаларга, айниқса, Низом отага ҳам кўчди.
— Айтинглар, шу болажоннинг кулгисидан ортиқ бахт борми бу дунёда? — дейди уруш ва меҳнат фахрийси. — Бизнинг болалигимиз қувончларсиз, табассумларсиз ўтди. Уруш туфайли очарчилик, қаҳатчилик рўй берди. Шу боис тўйларда, давраларда, учрашувларда тинчликни қадрлаш ҳақида гапираман.
15 майда 96 ёшга кирадиган, шундай бўлса-да, кўзойнаксиз газета ва китоб ўқийдиган Низом ота Нуриддинов уруш йилларида алоқачи бўлиб хизмат қилганини яхши эслайди.
Отахон юртга қайтгач, муаллимлик касбини танлади. Қарийб 30 йил мобайнида пойтахтимиздаги 36-мактабда дарс берди. Турмуш ўртоғи Зебо ая билан тўрт ўғил ва тўрт қизни тарбиялаб, вояга етказишди. Отахон бугун юзлаб невараю эвара, чеваралар меҳру муҳаббатидан баҳраманд бўлиб умргузаронлик қилмоқда.
Отахон билан хайрлашар эканмиз, давлатимиз раҳбарига, барча юртдошларимизга саломатлик тилаб дуо қилди. Ўз умрини ҳалол меҳнат, ўзгаларга яхшилик қилишдек эзгу ишларга бахшида этаётган отахоннинг кўзларида ҳаётдан мамнунлик акс этиб турибди.
Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг