Бу йилдан Фарғона узуми Жанубий Кореяга экспорт қилинади
Айни пайтда Фарғона вилоятида етиштирилаётган табиий дармондориларга бой мева-сабзавотлар дунёнинг ўнлаб давлатларига экспорт қилинмоқда.
Экспортда узум, анор, олхўри, гилос, ўрик, сабзавот маҳсулотлари улуши салмоқли ўринга эга. Айни жараёнда вилоятда узум экспорти салоҳияти тобора ортиб бораётгани эътиборга молик. Биргина ўтган йилнинг ўзида Фарғонада етиштирилган узумнинг экспорт географияси сезиларли даражада кенгайиб, илк бор Буюк Британия, Норвегия ҳамда Япония мамлакатларига жўнатилди. Ўтган қисқа вақт мобайнида юртимиз узуми Япониядаги машҳур савдо тармоқлари дўконларида харидоргир маҳсулотга айланиб улгурди.

Шу тариқа ўтган йил якунлари бўйича Фарғона вилоятидан узум маҳсулотлари экспорти ҳажми қарийб 96 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
—Ўзаро келишувга кўра, жорий йилдан Фарғона узумининг Жанубий Кореяга ҳам экспорти йўлга қўйилади,—дейди Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элдорбек Турсунқулов.—Бугунги кунга қадар эса Корея бозори ва савдо тармоқларида гилос, ўрик, анор, қовун ҳамда табиий равишда қуритилган меваларимиз яхши сотилмоқда. Узум ҳам тез орада кореялик харидорларга манзур бўлишига ишонамиз.

Фарғона вилояти ҳокимлиги делегациянинг сўнгги йилларда бир неча маротаба Корея Республикасига амалга оширилган ташрифлари чоғида истиқболли келишувларга эришилиб, мазкур мамлакатнинг йирик шаҳарларида савдо-логистика марказлари очилди. Бу ҳамкорлик кўламини тизимли ҳамда замонавий мезонлар асосида ривожлантириш имконини беради.

Айтиш жоиз, ҳозирда узум қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортида мамлакатимизнинг энг яхши 10 та мевасидан бири ҳисобланади. Ўтган йили юртимиз узуми 21 та давлатга экспорт қилинишига эришилди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг