Боткенда тиббиёт туризми йўналишида ҳамкорлик қилинади
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Айни кунларда Боткен вилояти соғлиқни сақлашни мувофиқлаштириш ва бошқариш маркази директори Арзибек Борубеков бошчилигида бир гуруҳ қирғизистонлик шифокорлар Фарғона вилояти тиббиёти ютуқлари билан танишди.
Хусусан, Фарғона вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ўтказилган учрашувда шифо маскани фаолияти, бевосита чет элдан келган беморларга хизмат кўрсатиш соҳасида эришилаётган ютуқлар тақдимот қилинди.
Марказда 2019 йилдан буён хорижлик 18 ёшгача бўлган болаларга жаҳон андозалари даражасида малакали тиббий хизмат кўрсатиш фаолияти йўлга қўйилган. Ўтган даврда бу ерда 650 нафарга яқин қирғизистонлик беморлар даволанди.
— Юзма–юз мулоқот чоғида қардош юртдан келган ҳамкасбларимиз тиббиёт муассасасида яратилган шароитларни ўз кўзи билан кўриб, бевосита беморлар билан суҳбатлашишди, — дейди Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Примқулов. — Ташриф якунида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида кенгайтирилган тартибда йиғилиш ўтказилиб, тиббиёт туризми йўналишида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг