Бошпанаси бор кишининг — бахти тўкис

17:02 11 Июль 2020 Жамият
1091 0

Учқудуқлик Гулнозахон Зоирова тўққиз йилдан буён ижара уйда яшайди. Икки фарзанди бор.

— Бола парвариши билан беш йил уйда ўтирдим. Ҳозирда турмуш ўртоғим билан НКМКнинг Шимолий кон бошқармасида ишлаймиз, — дейди у. — Аммо, ижара тўлови туфайли уй-жой олиш учун маблағ йиғишнинг имкони бўлмади. ( Буни ижарада яшаётганларга яхши билишади). Субсидия ҳақидаги ҳукумат қарори чиққач, яхши ниятлар билан Учқудуқ тумани Давлат хизматлари марказига бордим. Марказ ходимлари кўмаги билан барча ҳужжатларни йиғиб, мана уйнинг бошланғич тўлови учун 29 миллион сўм пул ажратилди.

Давлат хизматлари марказидан субсидия олиш тўғрисидаги хабарнома олган фуқаролардан яна бири Улуғбек Йўлчиевнинг айтишича, дастлаб ариза ташлаганида «кам таъминланган оилаларга субсидия олишга йўл бўлсин», дея яқинлари ишончсизлик билдирган экан.

— Энди, уларга баралла айта оламан, давлат томонидан 29 миллион сўм маблағ қайтармаслик шарти билан уй-жой олишимга ажратилди, — дейди У. Йўлчиев. — Аслида ўша яқинларимнинг ҳам менга бунча пулни беришига имкониятлари йўқлигини яхши биламан. Давлатнинг фуқаропарварлиги шунча бўлар-да!

Улуғбек Йўлчиевнинг оиласида уч фарзанд тарбияланяпти, турмуш ўртоғи ишламайди. Хурсандлигидан хабарномани олишга эру хотин бирга келишибди.

— Айни кунда марказимизга субсидия олиш учун 38 та мурожаат тушган, — дейди Учқудуқ туман ДХМ директори Умарқул Худойқулов. — Ишчи гуруҳ хулосасига асосан шу кунга қадар ижтимоий мезонларга мувофиқ 4 нафар аризачи ўз хабарномаларини олиб кетишди.

Таъкидлаш жоиз, махсус комиссия туман ҳокимлиги, молия, солиқ, банк, кадастр, Ёшлар иттифоқи, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, бандлик, ички ишлар тизимидан вакилларидан иборат. Субсидия олиш учун аризалар эса Давлат хизматлари марказлари томонидан ва my.gov.uz портали орқали электрон тарзда жорий йилнинг 1 октябрига қадар қабул қилинади.

Темур ЭШБОЕВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер