Бош прокуратура "Халқ сўзи"да эълон қилинган мақола бўйича жавоб берди
“Халқ сўзи” газетасида жорий йилнинг 16 февраль кунги сонида “Мақтов ухлатар, танқид уйғотар ёхуд Тепақўрғондаги муаммоларни ким ҳал қилади” эълон қилинган мақоласи юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Аниқланишича, Учтепа тумани, 11-мавзе “Тепақўрғон” МФЙдаги 30 та кўп қаватли уйларда 6750 нафар аҳоли яшайди. Мазкур уйларга 4 та ширкатлар хизмат кўрсатади. Мақолада 11-мавзе, 34-уйда яшовчи Н.Отметьянова хонадони балконига дарахт шохлари тегиб турганлиги, уй атрофи ичимликдан бўшаган идишлар чиқиндисига тўла эканлиги кўрсатилган.
Туман прокурори секторидаги мавзеларда жорий йил 1 февраль кунидан бошлаб дарахтларга шакл бериш ишлари бошланган бўлиб, шу жумладан, 11-мавзедаги дарахтларга 1 мартдан шакл бериш режаланган. Ҳозирги кунда 11-мавзе, 34-уй атрофидаги барча дарахтларга, айнан фуқаро Н.Отметьянова хонадони балконига тегиб турган дарахтларга шакл берилди, уйнинг орқа томонидаги чиқиндилар хизмат кўрсатувчи ширкат томонидан тозаланди. Бундан ташқари, мақолада 6 та болалар майдончаси таъмирталаб эканлиги, майдончалар лой эканлиги ва айрим мулкдорлар томонидан арғимчоқларни ўз ҳисобидан таъмирлаганликлари кўрсатилган. “Тепақўрғон” МФЙга қарашли кўп қаватли уйлар атрофида 31 та болалар майдончаси қурилиб, унда 7 турдаги ўйин мосламалари ўрнатилган.
Биргина 2018 йилда дастур асосида банкдан олинган 62 млн. сўм кредит ҳисобига 12 та болалар майдончаси қурилган. Шунингдек, болалар майдончаларига қум тўкилган бўлиб, болалар ўйнаши натижасида қумлар сочилиб, ёмғирли кунларда лой бўлишига сабаб бўлган. Ҳозирги кунда ҳар бир болалар майдончасига қум тўкиш мўлжалланган. Бундан ташқари, 60-уй олдидаги болалар майдончаси аҳоли томонидан эмас, балки банкдан олинган кредит ҳисобига “Дианорг сервис” ХУЖМШ томонидан ўрнатилган. Мақолада маҳалла ички йўллари таъмирталаб эканлиги, маҳалла раисининг берган маълумотига кўра, 100 км. узунликдаги ички йўллар таъмирланиши кераклиги кўрсатилган. Учтепа тумани ободонлаштириш бошқармасига қарашли йўл таъмирлаш бўлими муҳандислари томонидан “Тепақўрғон” МФЙдаги ички йўллар ўлчаб чиқилганда 100 км. эмас, балки 5 км. 340 метрни ташкил этиб, шундан таъмирланадиган майдони 19780 м2ни ташкил этади.
Шунингдек, “Тепақўрғон” МФЙдаги таъмирталаб йўлларни таъмирлаш учун мутахассислар томонидан жорий йил январь ойида ўлчов ўтказилган бўлиб, Тошкент шаҳар ҳокимининг 19.02.2019 йилги 269-сонли қарорига асосан туман прокурори секторига қарашли бир нечта маҳаллалар қатори мақолада кўрсатилган ички йўллар ҳам жорий йилда асфальт қилиниши мўлжалланган. Мақоладаги кўрсатилган таъмирталаб йўллар шағал қопламаси билан текисланиб, фуқаро лар ва машиналар юриши учун қулай шароит яратилди. Мақолада кўрсатилган камчиликларни тегишли корхона ва ташкилотлар билан мувофиқлаштириш бевосита маҳалла раиси Б.А.Абдурахмоновнинг ваколатига кирсада, айрим фактлар раис томонидан асоссиз тақдим этилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан маҳалланинг навбатдан ташқари йиғилиши 15.02.2019 йилда ўтказилиб, якунига асосан чора-тадбирлар белгиланиб олинган. Шунингдек, маҳалла раиси Б.А.Абдурахманов 18.02.2019 йилдан меҳнат таътилига ва таътилдан чиққанидан сўнг, ўз ҳохишига асосан 18.03.2019 йилдан лавозимидан озод қилиниши ҳақида ариза билан мурожаат этган. Ҳозирги кунда “Тепақўрғон” МФЙдаги кўп қаватли уйларда 2019-2020 йиллар учун мўлжалланган дастур асосида кенг қамровли коммунал таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг