Бўш иш ўринлари ярмаркаларида натижадорлик нега паст?
Фото: “Халқ сўзи”
Ёшлар аҳолининг ғайрат-шижоатли қатлами. Улардаги салоҳият ва шижоатни эзгуликка йўналтириш эса ҳар доим жамиятда барқарорликни таъминлашга хизмат қилишига шак-шубҳа йўқ.
Аксинча, ёшлари ижтимоий жараёнлардан четда қолган жамиятни эса муаммолардан холи тутиш мушкул. Айниқса, бандлиги таъминланмаган ва қизиқишлари эътибордан четда қолганларнинг аксарияти иш ахтариб четга чиқиб кетса, бир қисми сарсонгарчиликлардан сўнг ортга қайтишади.
Сир эмас, улар яқин-яқинларгача ношукурчиликда айбланиб, ота-онаси, қариндош уруғлар олдига ортга қайтариш талаби қўйиларди. Афсуски, ушбу жонкуярликдан мақсад маҳалла ёки ҳудуд статистикасидаги “кўрсаткич”ни яхшилашдангина иборат эди. Хориждан қайтган ҳамюртимиз тавсия этилган ишдан ўз орзу-ҳаваси ва ижтимоий ташвишларига ечим топишига кўзи етмай яна четга чиқиб кетаверарди.
— Ҳар бир киши энг аввало, оилалик бўлса рўзғори бутлиги учун иш топиб, меҳнат қилади, — дейди меҳнат фахрийси Нажмиддин Хўжамов. — Табиийки, ўз заҳматига яраша иш ҳақи, ижтимоий муҳофаза ва меҳнат шароити яратилишини истайди. Унинг мазкур манфаатлари қаноатлантирилмас экан, у иш излайверади.
Норасмий манбаларга кўра, ишга кираётганларнинг аксарияти таниш-билиш орқали ўзига иш топишар экан. Қолганлари эса турли идораларга тинимсиз мурожаатлари, яна бир қисми эса битирувчилар билан тузиладиган шартномалар асосида ишга жойлашишади.
Яқинда вилоятнинг Навбаҳор тумани ҳокими ўз интервьюсида ўтган йили ҳудудда 35 мингга яқин янги иш ўрни яратилганлигини очиқлади. Вилоят меҳнат бозорига ҳар йили 12 мингга яқин янги ишчи кучи кириб келишини инобатга олсак, бу уч йиллик битирувчиларга етиб ортадиган иш ўрни демакдир.
Шу ўринда яна бир статистикага эътибор қаратайлик. Ўтган ҳафта Навоий шаҳри марказидаги ”Алишер Навоий” маданият ва истироҳат боғида ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси” ўтказилди. Ярмаркада 1168 нафар ишсиз фуқаро, (жумладан 409 нафар ёшлар) иштирок этишиб, вилоятнинг барча ҳудудларидан жами 352 корхона ва ташкилот ўзларидаги мавжуд 2299 та бўш иш ўринларини уларга таклиф этишди. Бироқ ярмарка якуни билан 345 фуқаронинг доимий иш билан таъминланиб,(уларнинг 153 нафари ёшлар) 17 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилганлиги, шунингдек, 74 нафар касбга эга бўлмаган фуқаролар касб-ҳунарга ўқитишга йўналтирилиб, 36 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилганлиги ҳамда “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтарида” рўйхатда турувчи 15 нафар хотин-қизга тикув машинаси топширилганлиги иш берувчи ва иш ахтарувчиларни қаноатлантирадими, деган ҳақли савол туғилади.
Тўғри натижа бор, лекин рақамларни чоғиштирадиган бўлсак, иш излаб келганларнинг ҳар учтадан икки нафари ортга ноумид қайтганлиги бу тизимда қайсидир механизм рисоладагидек ишламаётганлигини ошкор этмаяптими? Ёки бир кам 2300 иш ўрни билан ярмаркага келган корхона ва ташкилотларни олайлик. Улар яна 1900 тадан ортиқ вакант ўринлар билан қолишди. Бу бўш иш ўринлари қачон ва қандай тўлдирилади, иш самарадорлигига таъсири қандай?
Нафсиламрини айтганда, бу каби бўш иш ўрни ярмаркаларининг қайси ҳудудда ўтказилаётганлигининг аҳамияти йўқ. Сабаби меҳнат бозорида иш ахтарувчи ва иш берувчини учраштириб қўйиш ниятидаги бу каби тадбирларнинг деярли барчасида натижа бир хил бўлади. Яъни, ушбу ярмаркаларга бўш иш ўринлари билан келган корхона ҳамда ташкилотларнинг кадрлар бўйича мутасаддиси ҳеч бўлмаганда ўша куни ишга қабул қилиш ваколатига эга эмас ва масъулиятни зиммасига ололмайди. Табиийки, бу меҳнат ярмаркалари натижадорлигига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.
Меҳнат ярмаркалари самарадорлигининг пастлигини кўпчилик иш берувчининг алоҳида малака ва тажрибага эга мутахассисларга эҳтиёжи ҳамда иш ахтарувчиларнинг аксариятида унинг йўқлиги билан изоҳлашади. Шу ўринда ярмарка натижасида акс этган яна бир маълумотга эътибор қаратамиз. Унга кўра 74 нафар ишсиз фуқаро, яъни иштирокчиларнинг 7 фоизга яқини касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашга юборилибди. Бундай суръат билан ярмаркада тақдим этилган 1950 бўш иш ўринларини тўлдириш учун неча йил керак бўлади, деган ҳақли савол туғилади?
Мамлакатимиз раҳбари Ёшлар бандлигини таъминлаш масаласига эътибор қаратар экан, 2017 йилдаёқ уларнинг қурултойида ҳар йили коллеж битирувчиларининг 91,8 фоизи иш билан таъминланса, ишсиз ёшлар қаердан пайдо бўлмоқда, деган ҳақли саволни қўйган эди. Шунингдек, мазкур масала долзарблигидан келиб чиқиб, қатор вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар олдига ёшларни иш билан таъминлаш учун аввало креатив ёндашувларни намойиш этишлари лозимлигини таъкидлаб, ҳар бир фуқаро билан алоҳида ишлаш вазифаларини белгилаган эди.
Зеро, ҳар бир ишсиз фуқаро билан индивидуал ишлаш, юзма-юз мулоқот орқали кайфияти, истак ва муаммоларини ўрганиш, зарур бўлса, қонуний асосда четга чиқиб ишлаб келишига кўмаклашиш аҳоли, айниқса ёшлар бандлигини таъминлашнинг асосий омилидир.
Шу боис ҳар бир банд бўлмаган фуқаро билан алоҳида шуғулланиш, ҳар бир бўш иш ўрни бўйича буюртма асосида ишлаш фурсати аллақачон етди. Шунда “меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик” мақолани айтсак ярашади.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг