Борлиқ сўзлар гулгун ҳикоя

15:03 07 Апрель 2020 Жамият
2593 0

Бадиа 

Баҳор – баҳор-да! 

Қир-адирга туташиб кетган боғнинг файзи ўзгача. Гилос дарахтлари қийғос гуллаган. Осмон тиниқ, мусаффо. Офтоб гулу навдалар орасидан мўл-кўл нур сочади. Борлиқда ажиб ифор кезиб юрибди. Гулдан гулга қўниб-учаётган асаларилар ғувури борлиқни тутган. Йўқ. Бу ғувур ҳам, одатий товуш ҳам эмас. Гўё дилнинг қат-қатларига қуйилиб, аллалайди, сел қилади. Ажиб ўйлар, туйғулар кўклам елларидек, денгиз тўлқинларидек тошади, кўпиради. Асаларилардек кўкларга учгиси, борлиқни қучгиси келади кишининг. 

Боққа боққан нигоҳлар бу гўзаллик оламига шўнғиб, илоҳий туйғулар билан сармаст. Хаёл қушлари олис-олисларга парвоз қилади. Ҳув анави гулини аллақачон тўкиб, довучча туккан шохлари гўёки кўк билан туташишга интилган қантакни шу ерлик боғбон Номоз ота эккан эди. Ўрик ёнидаги қирмизак олмалар эса унинг бир ёстиққа бош қўйган аёлидан ёдгор. Тут пишиғидан кейиноқ қип-қизил бўлиб етиладиган бу мевани қишлоқ болалари жуда-жуда хуш кўришади. 

Чаман гуллаган гилосзорга боқиб, тиним билмай бол тўплаётган асаларилар ҳаракатини кузатиб, ҳаёт ҳақида, унинг давомийлиги ҳақида ўйлаймиз. Хаёлимизга Муқаддас китоб – Қуръони каримнинг “Наҳл” (Асалари) сурасидаги қуйидаги оят келади: 

“Роббинг асаларига: “Тоғлардан, дарахтлардан ва кўтарилган сўритоклардан уй тутгин. Сўнгра ҳамма мевалардан егин. Бас, Роббинг осон қилиб қўйган йўллардан юргин”, деб ваҳий қилди. Уларнинг қоринларидан турли рангдаги шароб чиқар. Унда одамлар учун шифо бордир. Албатта, бунда тафаккур қилувчилар учун оят – белги бордир”. 

Дарҳақиқат, асаларилар ҳаёт тарзи, уй қуриши, гуллар нектарини сўриб, бол йиғиши ва бу неъмат одамлар учун шифо бўлиши – буюк мўъжиза! Айни пайтда юқоридаги оятда айтилганидек, инсонга, тафаккур аҳлига ибрат бўлгулик кўпгина белгилар ҳам мужассам. 

Буни билиш учун жониворлар ҳатти-ҳаракатини кузатишнинг ўзи кифоя: бу жонзотлар ҳам худди одамлар каби оила-оила бўлиб яшайдилар. Оиланинг ҳар аъзоси – ҳар бир асаларининг ўз юмуши, вазифаси бор. Она ари тухум қўйиб, насл беради, шунингдек, эркаги билан оилага раҳбарлик қилади. Фарзандлари – ёш ариларни тарбиялайди. Ишчи арилар, таъбир жоиз бўлса, она арининг қўлли-оёқли, чаққону чапдаст, меҳнаткаш қизлари, келинчаклари. Ҳар бир асалари оиласида 30-40 мингтагача ишчи арилар бўлади. Улар эрталаб офтоб кўтарилиши билан шира-нектар йиғиш учун боғларга, тоғларга, гулзор-чаманзорларга йўл олишади. Тинимсиз учиб-қўниб нектар, гулчанги ва сув йиғишади. 

Маълумотларга кўра, битта ишчи ари бир килограмм асал тўплаш учун бир миллион гулга қўнар экан. Ишчи ариларнинг вазифаси бу билангина тугамайди. Улар шунча ишдан ортиб, ёш авлодни тарбиялашда оналарига ёрдам беради, мумдан катаклар ясайди, уяни қўриқлайди. Ишчи арининг гулзорлардан “қўни-қўнжи” тўлиб келиши бу ҳали асал тайёр бўлди, дегани эмас. Улар уяларига келиб, оғзиларидаги олиб келган нектарларини ҳали учмайдиган ёш асаларилар ҳартумига беради. Нектарни қабул қилиб олган ари уни жиғилдонига шимади, бир неча бор оғзидан чиқариб, яна шимиб, пишитади. Кейин катакчаларга жойлайди. Бу ерда ортиқча сув буғланиб, парчаланиши натижасида асал пайдо бўлади. Кейин ҳамма арилар бир бўлиб ота-онаси бошчилигида катакчаларни мум қопламачалар билан шуваб чиқишади. Бу ишларда ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик, қатъият, тартиб-интизом асосий мезон ҳисобланади... 

Бугунги кунимизга назар ташласак, ташқаридан ҳаёт сокин туюлса-да, ҳаётимиз худди асалари инидек ғувуллаб, қизғин давом этмоқда. Бутун дунёни ўз забтига олган коронавирус пандемияси юртимизни ҳам четлаб ўтмасдан халқимизни гўё боларилар сингари янада жипслашишга, аҳил-иноқ бўлишга ундамоқда. Зеро, кўзга кўринмас бу офатни халқ фақатгина бир бутун бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, баҳамжиҳат енгиши мумкин. 

Бу борадаги илк ютуқлар қўлга киритилмоқда ҳам. Бугунги кунга келиб, коронавирусни юқтириб олган беморларнинг 30 нафари соғайгани ҳар биримизнинг қалбимизга ёруғлик, умид ва ишонч олиб кирди. 

Шубҳасиз, мазкур юқумли касалликка қарши курашиш, унинг мамлакатимизда кенг тарқалишининг олдини олиш, иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатишда Президентимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, шу йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмайди. Туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилди. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилди. Ушбу имтиёздан соҳада хизмат кўрсатаётган мингдан ортиқ субъектлар фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилди. Ушбу имтиёз қарийб 150 минг якка тартибдаги тадбиркорга катта кўмак бўлади. 

Президентимиз Фармонида аҳолини, айниқса, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам қатор чоралар белгиланган. Жумладан, жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмайди. Улар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади. Ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилади. 

Юртбошимиз ташаббуси билан ташкил этилган Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари даволаш ва бошқа муассасаларни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун зарур бўладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар, ҳимоя воситалари ва тест тизимлари билан таъминлаш, хавф-хатар остида бўлган ёки вирус юқтирганлар билан мулоқотда бўлган шахсларни карантинда сақлаш харажатларини қоплаш, касаллик тарқалишига қарши курашишда иштирок этаётган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа хайрли мақсадларга сарфланмоқда. 

Катта тезкорлик билан юқумли касалликларни аниқлаш, профилактика қилиш ҳамда даволаш муассасаларининг бунёд этилаётгани ҳатто хорижликларнинг ҳам ҳайрат ва ҳавасини уйғотмоқда. Жаҳондаги етакчи илмий марказлар мутахассислари, халқаро сиёсатчи ва экспертлар Ўзбекистон раҳбариятининг дунёнинг аксарият давлатлари дуч келаётган коронавирус билан боғлиқ муаммоларга тезкор ечим топиш бўйича амалга ошираётган ишларига юқори баҳо бермоқда. 

– Мамлакатингизда коронавирусга қарши жиддий ва қатъий чоралар кўрилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз, – дейди Исроил давлатининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эдди Шапира. – Шуниси эътиборга лойиқки, мамлакат раҳбарияти вазиятни бошиданоқ назоратга олди. Аҳолини ушбу юқумли касалликдан максимал даражада ҳимоялаш мақсадида карантин талаблари изчил кучайтириб борилмоқда. Назаримда, улар жуда самарали. Энг муҳими, халқингиз мана шу офатга қарши жипслашяпти. Одамлар бир-бирига кўмак беряпти. Фуқаролар ўрнатилган тартибларга риоя этишга ҳаракат қилмоқда. Бу хавфли инфекция кенг тарқалишининг олдини олишда муҳимдир. 

Токиодаги Жунтендо тиббиёт университетининг фахрий профессори Момоко Чибанинг таъкидлашича, Ўзбекистон коронавирус талафотларини бошидан ўтказган мамлакатлар тажрибасини ўз вақтида ва самарали ўрганишга муваффақ бўлди. Таълим муассасаларининг вақтинча ёпилиши, ўз-ўзини изоляция қилиш ва карантин қоидаларининг амалга киритилиши, айни пайтда ишлаб чиқарувчилар ҳамда тадбиркорларга турли имтиёзларнинг жорий этилиши, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами ижтимоий қўллаб-қувватланиши мазкур инфекция билан самарали курашишда жуда қўл келяпти... 

Аслида, халқнинг фаровон ҳаётини таъминлаш, юртдошларимизнинг эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқариш, мамлакатимизни жаҳоннинг ривожланган давлатлари сафига олиб чиқиш – Ўзбекистоннинг янги қиёфасини шакллантириш Президентимизнинг сайловолди дастурларидаёқ белгилаб олинган эди. Ўтган даврда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни янада тараққий эттириш ҳамда либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш борасида залвари асрларга татигулик ишлар қилинди. 

Президентимизнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси янги ўн йилликка қадам қўяётган Ўзбекистонни равнақ топтириш, халқимизнинг нурли келажаги, бахтли ва фаровон ҳаётининг дастуриламалига айланди. 

Давлатимиз раҳбарининг ушбу муҳим маърузасида “Биз янги Ўзбекистонни халқимиз билан биргаликда барпо этамиз, деган улуғвор мақсадни ўз олдимизга қўйганмиз. Бу борада “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғоя кундалик фаолиятимизга тобора чуқур кириб бормоқда”, деган сўзлари бугунги ҳаётимизда яққол тасдиғини топаётгани кўриб, ҳар биримизнинг дилимиз янада равшан тортмоқда. 

Не-не машаққатларни ҳамжиҳатликда енгиб ўтган халқимиз бугунги мураккаб вазиятни тўғри тушуниб, амалга оширилаётган чора-тадбирларни фаол қўллаб-қувватламоқда. Шифокорлар ўз ҳаётини хавфга қўйиб, бу кўринмас ёвга қарши курашда жасорат ва матонатини, ўз касбига садоқатини, ватанпарварлигини намоён этаётир. 

Карантин даврида ички ишлар ходимлари, миллий гвардия жамоат тартибини сақлаш, ўрнатилган тартиб-қоидаларига барчанинг бирдек риоя этишини таъминлашда жонбозлик кўрсатяпти. 

Ҳаёт – оқар дарё, дейдилар. Мана шундай мураккаб бир даврда ёш авлод таълим-тарбияси ҳам эътибордан четда қолмаётгани ҳам хурсанд қилади кишини. Карантин сабаб таълим муассасалари вақтинча фаолиятини тўхтатганига қарамай, эртамиз эгалари учун телеканаллар орқали онлайн дарслар ташкил этиляпти. Президентимизнинг ёшлар камолотига қаратилган беш муҳим ташаббуси самараси ўлароқ фарзандларимиз бугун билимлар манбаи – китобга янада яқинроқ бўлди. Вақтдан унумли фойдаланган ўғил-қизлар мутолаа завқидан баҳраманд. 

Бугун бобо-буви, ота-она, фарзанду набиралар, чеваралар – бутун оила бир дастурхон атрофида жам. Йигитлар катталарнинг маслаҳати билан рўзғор юритиш, уй юмишларини бажариш борасида билим ва тажрибаларини бойитаётган бўлса, қизлар онаю бувилари билан сирлашиб, уларга уй ишларида қарашиб, катта ҳаётга тайёрланмоқда. Буларнинг барчаси оилалардаги муҳит барқарорлигига, ўзаро меҳр-муҳаббат ришталарининг мустаҳкамлигига хизмат қиляпти. Зеро, Ватан ана шундай кичик ватанлардан – оилалардан яралади. 

Куни кеча Президентимизнинг коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича халқимизга мурожаат қилгани ҳар биримизнинг руҳимизни кўтариб, эртанги кунга ишончимизни янада мустаҳкамлагани, шубҳасиз. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг “Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз”, деган сўзлари барчамизни янада огоҳ ва ҳушёр бўлишга, ҳамжиҳатликка, хавфли вирусга қарши мутахассислар томонидан белгиланган тартиб-қоидаларига, санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилишга ундайди. 

Бинобарин, тиббиёт қанчалик ривожланган бўлмасин, давлат бунга қанча-қанча маблағ ажратмасин, одамларимиз шифокорлар тавсиясига амал қилмаса, тартиб-интизомли бўлиб, карантин қоидаларига риоя этмаса, барча кўраётган чоралар, пандемияга қарши курашиш учун сафарбар қилинган юз минглаб фидойи инсонларнинг меҳнати беҳуда кетиши мумкин. Ахир Яратган ҳам асранганни асрайди. Уйда қолиб, ўзимизга касаллик юқишининг олдини олсак, унинг кенг тарқалишига йўл қўймаган, яқинларимизни, бошқаларни бу дарддан ҳимоя қилган бўламиз. 

Афсуски, қанча огоҳлантириш ва тушунтириш ишларига қарамай, айрим кишилар жойларда карантин қоидалари бузилаётгани дилни хуфтон қилади. 

“Гуруч курмаксиз бўлмайди” деганларидек, мана шу синовли кунларда баъзи кимсаларнинг нафснинг қулига айлангани, худбинлик ботқоғига ботгани эса янада ачинарли. Уларнинг асоссиз ваҳима исканжасида қўл урган кўр-кўрона хатти-ҳаракатларини кузатиб, кўнгилларимиз хижил тортди. Юртимизда коронавирус инфекцияси туфайли карантин ҳолати жорий этилгач, айримлар супермаркету озиқ-овқат дўконларига ўзини урди. Бозорлардаги картошка-сабзи расталари олдида издиҳом тўпланиб, ғала-ғовур бўлиб кетди. Озиқ-овқат маҳсулотларини қоплаб сотиб олиб, омборига, ертўласига тиқаётган кишиларни кўриб, кулишни ҳам, куйишни ҳам билолмай, ҳайрону лол бўлиб қолдик. Ер юзидаги жамики тирик жоннинг ризқини кафолатлаб қўйган Аллоҳ сени оч-наҳор қолдирармиди, эй, ғофил банда... 

Шукурки, Ўзбекистон ғалла мустақиллигига эришган мамлакат. Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи Президентимизнинг қатъий назоратида. Кейинги йилларда қишлоқ хўжалигида амалга оширилган истиқболли чора-тадбирлар натижасида кундалик эҳтиёжимиз учун зарур барча егуликларнинг қарийб юз фоизи юртимизда етиштирилмоқда. Қолаверса, ҳар йили аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан йил – ўн икки ой мобайнида таъминлашга мўлжаллаб, махсус захира ҳозирланади. Кўнгилни тўқ қиладиган яна бир ҳолат: кейинги кунларда деҳқонларимизнинг пешона тери билан етиштирилган янги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо расталарида кўриниб қолди. Иссиқхоналарда эса помидор, бодринг, турли кўкатлар ёзу қиш етиштирилиб, халқимиз дастурхонига тортиқ қилинмоқда. 

Шундай экан, бундай очкўзлик нечун?! Бу баъзилардаги иймон сустлиги, дунёқараш торлиги, маънавият заифлигидан эмасми?! 

Шу ўринда Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик жамоат фондига беғараз маблағ ўтказаётган юртдошларимиз ҳар биримиз учун ибрат ҳамда намунадир. Уларнинг ҳиммати ҳам бугун қанчадан-қанча инсонларнинг энг катта бойлиги – саломатлигини сақлаб қолишга кўмак бўлмоқда. Ўз вақтида амалга оширилаётган тадбирлар боис бугун минглаб оилаларда ҳузур-ҳаловат, шу юрт, шу эл учун ёниб меҳнат қилишга шай йигит-қизлар соғлом, бақувват. Келажагимиз ворислари – болажонларнинг кўзлари қувончдан порлаб турибди. Кексалар дуода, хонадонларимизнинг файзи-фариштаси бўлиб, уйимизнинг тўрида ўтирибди. 

Зотан, мамлакатимизда изчил олиб борилаётган ишларнинг барчаси, аввало, инсон учун, унинг соғлом ва бахтли ҳаёти учундир. 

Кези келганда айтиш жоизки, яқинда Президентимиз томонидан имзоланган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармон мазмун-моҳияти ва аҳамиятига кўра, мамлакатимизда инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати энг олий қадрият эканининг яна бир ифодаси бўлди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари ўн миллион сўм миқдоридаги бир марталик пул мукофоти билан тақдирланиши уларнинг кўнглини тоғдек кўтариб, руҳини тетиклаштириши, умрига умр қўшиши, шубҳасиз. 

Дунёда эзгулик устувор экан, ўзгаларга яхшилик соғиниб яшаш ва ўзаро меҳр-оқибат ҳисси барқарор экан, ҳеч қандай куч ҳаёт низомини бузолмаслиги, инсонлар ҳар қандай синов ва қийинчиликлардан ёруғ юз билан ўтиши муқаррар. Бинобарин, бугун коронавирус деб аталмиш кўзга кўринмас офатни енгишимизда уюшқоқлик, сабр-тоқат, тартиб-интизом, поклик, тозалик ва инсонийликнинг қадри ҳар қачонгидан ҳам баланд. 

...Жонсарак асалари учиб-қўниб, гуллардан бол тўплайди. Шу топда митти жониворнинг бир маромдаги ғувиллаган овози кишига ажиб бир таскин-тасалли бағишлайди. Кўнгилда ҳаётга чексиз муҳаббат, чин маънода яшашга, курашишга кучли иштиёқ пайдо бўлади. Зеро, асаларининг нозик қанотлари ҳаракатидан ҳосил бўлаётган товуш шунчаки оддий бир шовқин эмас, бу – ҳаёт қўшиғи, тириклик симфониясидир. 

Вужудимизни чулғаган бу нурли қўшиқ дилимиздан тилимизга кўчади: 

Боғ бағрида ажиб бир оҳанг, 

Созларида гард инмас баёт. 

Камалакдай олам ранг баранг, 

Бунча гўзал, сирлисан ҳаёт. 

Гулғунчалар қийғос – хушбўйки! 

Боларилар келиб ёпишди. 

Кеча эди музли ва қорли, 

Тақдир экан – бугун топишди. 

Ҳайрат дилга солади жунбуш, 

Шивирлайсан, не эди боя... 

Борлиғини бахш этиб сархуш, 

Борлиқ сўзлар гулгун ҳикоя. 

Ўткир РАҲМАТ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер