Боладай бeғубор қалб эгаси

09:17 17 Декабрь 2022 Жамият
757 0

Фото: Иллюстратив cурат

Илк бор Тошкентга севимли асарларим муаллифи, атоқли болалар ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевни кўргани дадам билан келганман. Ўшанда 2013 йилнинг қиш ойлари эди. Совуқда устознинг манзилини излаб бутун шаҳарни кезганимиз ҳеч эсимдан чиқмайди. Ҳар қалай «Тонг юлдузи» газетасига ижодий машқларимни юбориб турганим учун таҳририят манзилини эслаб қолган эканман. Газетанинг бош муҳаррири Феруза Адилова Тўхтабоевнинг уй телефонига қўнғироқ қилиб, мени Навоийдан устозни кўриш учун келганимни айтди.

Устоз сал аввалроқ шифохонада даволаниб чиққан экан. Тоблари бўлмасада «Навоийдан мени кўргани келасизу мен сиз билан суҳбат қилмайманми, қизим» дея чамаси икки соатлар гаплашиб ўтирди. Аввал, ўзимни ўзим ҳақида гапиртирди. Шеърларимдан ўқитди. Кейин айтди:

— Ҳошимжоннинг битта ёмон одати туроқ билан туршакнинг фарқига бормас эди. Қувонганим, сен туроқ бозорда сотилмаслигини билар экансану текин туроқни шеърдан қизғанибсан, - деди табассум билан дадамга кўз остидан қараб. — Энг муҳими, сенда тасвир бор экан, қизим. Насрда ёки бадиий публицистикада ёзсанг, бинойидай ижодкор чиқар экан...

Ижодий машқларимга билдирилган бу адабий танқид мен учун катта мактаб бўлди. Шу куни устоздан илк марта эшитган бадиий публицистикани ўрганишни бошладим. Вилоятдан машқларимни устозга мактуб қилиб юборар эдим. Энг муҳими, адибнинг ҳамиша 14 ёшли набирасига билдирадиган икки энлик фикри бор эди. Ҳар гал почтачи амаки «Худойберди бобонг сенга Тошкентдан хат бериб юборди», деб уйга келганида бутун маҳаллада шов-шув бўлар эди. Гўёки, Ҳошимжон қадар юлдузга айланар эдим.

2021 йилда Тошкентда «Тонг юлдузи» газетасида ишлар эдим. Адибнинг туғилган куни арафаси мақола тайёрламоқчи бўлиб, пойтахтдаги Учтут кўчаси 69-уйга яна бордим. Устоз кутубхонасида газета ўқиб ўтирган экан. Кўзойнаксиз. Ёзилган мактублар муаллифи — навоийлик қиз эканлигимни эшитганидан кейин таниди. 88 ёшда ҳам хотиралари мустаҳкам эди.

Мақолани устознинг нафақат болалар адабиёти, балки бадиий публицистикадаги фаолияти, маҳорат мактаби ҳақида ёзмоқчи эдим. Шу сабабли, кечаги ва бугунги журналистика ҳақида гаплашишни бошладик. Устоз ҳар бир фельетони кетидан суд залигача бориб ҳақиқат учун курашганию, баъзида таҳдидлар остида қолган ҳаёти ҳақида тўлиб тошиб гапириб берди. Суҳбатда журналистика сабоқларини ўргатиб, «Мана бундай деб савол берсанг, мен мана бундай деб сирларимни очаман», дея самимият ва табассум билан маҳорат дарсларини берди.

Фельетонлари ҳақида сўраганимда, устознинг ўзида биронтаси ҳам йўқлигини айтди. Аслида манбаларда бериладиган 300 дан ортиқ фельетонлардан икки баробар кўп материаллари борлиги, бироқ ҳали улар жамланмаганини афсусланиб гапирди.

Шу куни устоздан журналистикадаги дадилликни, курашни ва ҳалоллик ортидаги машаққатни эшитдим. Уларнинг ҳар бири тарих эди, устознинг сўзлари эса қулоғимга қўрғошиндай қуйилаётган эди.

Худойберди Тўхтабоев фарзандлари ҳақида гапирар экан, ҳеч бири адабиёт соҳасидан кетмаганлигини аллақандай нотаниш ҳис билан айтди.

— Бироқ, кенжа ўғлимнинг қизи Робиябибим сенга ўхшаб ижодий машқ қилиб туради. Илоҳим омадини берсин - деди набирасининг келажагини адабиётда кўраётганидан қувониб.

Ёзувчига хорғинлиқ соя солгандек эди, назаримда. Айтишича, турмуш ўртоғи энг катта ёрдамчиси бўлган экан. «Қариганда қуш уйқу бўлиб қолар экан киши, кечалари уйқум қочса, илҳомим келарди. Момонгизни ширин уйқусидан уйғотиб, айтиб турар эдим, у киши ёзар эди», деди кўзларига ёш олиб. Турмуш ўртоғининг вафотидан кейин кўнглидагидек яхши нарса ёзолмабди. Шундай бўлсада устознинг ёзмоқчи ва қайта таҳрир қилмоқчи бўлган асарлари кўп эди. Бугун журналистикадан чиқиб кетаётган жанрлар учун ноёб мерос сифатида даврий нашрлар архивида йўқолиб бораётган танқидий материалларини жамланма қилишни режалаштирганини айтганди.

Ёзувчи билан қилган суҳбат газетада босилиб чиқди. Уйларига олиб бормоқчи эдим. Афсуски, улгурмадим...

Худойберди Тўхтабоев олтмиш йилдан зиёд давом этган ижодий фаолияти мобайнида «Шошқалоқ», «Сўқмоқлар», «Муҳаббат қўшиғи», «Жонгинам, шартингни айт» сингари ҳикоялар тўпламлари, «Сир очилди», «Омонбой билан Давронбой саргузашти» қиссалари ҳамда «Сариқ девни миниб», «Сариқ девнинг ўлими», «Беш болали йигитча», «Қасоскорнинг олтин боши», «Йиллар ва йўллар», «Ширин қовунлар мамлакати», «Мунгли кўзлар», «Жаннати одамлар», «Қиз талашган ўсмирлар», «Қуёнлар салтанати», «Қиз болага тош отманг» романларини яратди. Адибнинг бу асарлари дунёнинг 40 га яқин тилларига таржима қилинди.

Худойберди Тўхтабоев болалар адабиётининг буюк дарғалари Жонни Родари, Ханс Кристиан Андерсен, Иван Крилов каби улуғлар қаторида тилга олинади. Бугун ижодкор ҳаёт бўлганида қутлуғ 90 ёшга кирган бўлар эди. Улуғ адибнинг таваллуд куни илм даргоҳларида, меҳнат жамоаларида кенг жамоатчилик иштирокида кенг нишонланмоқда.

Умида САТТОРОВА, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер