Бола ҳуқуқлари — давлат ҳимоясида
Архив фото
Дунёнинг кўплаб мамлакатлари қатори мамлакатимизда ҳам 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни кенг нишонланади. Негаки, ушбу байрамнинг мақсади – улғайиб келаётган ёш авлоднинг келажакда маънан бой, жисмонан соғлом ва ахлоқан пок бўлиб вояга етказишдир. Уларга кўрсатилаётган ғамхўрлик эса юрт равнақи учун қўйилаётган мустаҳкам пойдевордир.
Шу боис кейинги йилларда юртимизда болаларни ижтимоий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Оила кодекси, Фуқаролик кодекси, Меҳнат ва Жиноят кодекси ҳамда бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормалар ўз ифодасини топган.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 майдаги «Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳам бу борада муҳим қадам бўлди.
Қарорга мувофиқ, Президентимизнинг 2019 йил 22 апрелдаги тегишли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди. Энг муҳими, мазкур ҳужжат билан Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари аниқ белгилаб берилди.
Эндиликда болалар билан боғлиқ барча масалалар вакил иштирокида амалга оширилади. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажариш стратегиясини ва бола ҳуқуқлари масалалари бўйича бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади. Қолаверса, аҳоли ўртасида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари масалалари бўйича ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишга кўмаклашади.
Шу билан бир қаторда жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, болалар ҳамда улар қонуний вакилларининг бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқиш орқали боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлайди.
Қарорда белгилаб қўйилганидек, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (кейинги ўринларда – Вакил) ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда бажаради.
Вакил дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади ва у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.
Яна бир муҳим янгилик – Вакилга ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун бир қатор ҳуқуқлар берилмоқда. Хусусан;
–Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди кўриб чиқиши учун қонунга мувофиқ масалалар киритиш;
–Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисларида иштирок этиш ва суд томонидан кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этиш;
–қонунда назарда тутилган ҳолларда боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги аризалар ва даъволар билан судларга мурожаат қилиш;
–боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш мақсадида суд жараёнларида қонунда белгиланган ҳоллар ва шаклларда шахсан ёки ўз вакили орқали иштирок этиш;
Шунингдек, ўз ваколатлари доирасида халқаро ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш, уларнинг аъзолигига кириш, шунингдек, бошқа давлатлар омбудсманлари билан ҳамкорлик қилиш.
Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, унга кўра Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини мониторинг қилиш мақсадида Вакил ҳузурида Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик кенгаши (кейинги ўринларда – Кенгаш) ташкил этилмоқда.
–бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга кўмаклашиш;
–бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
–бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳолати ҳамда Вакил фаолияти юзасидан жамоатчиликни хабардор қилиш Кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгиланмоқда.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, боланинг бегонаси бўлмайди, уларнинг ҳаммаси ўзимизнинг, Ўзбекистонимизнинг болалари. Ушбу қарорнинг асосий мақсади ҳам бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг таъсирчан тизимини яратишдан иборат. Зеро, бола ҳуқуқлари — давлат ҳимоясидадир.
Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари,
OʼzLiDeP фракцияси раҳбари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг