«Бобур арена» янги қиёфага эга бўлиш арафасида

18:51 26 Март 2026 Жамият
337 0

Андижон вилоятида жойлашган «Бобур арена» стадиони 24/7 ишлайдиган мажмуага айлантирилади. Бу ҳақда «Андижон» футбол клубининг расмий саҳифасида маълумот берилди.

Қайд этилишича, кеча, 25 март куни манзилда вилоят ҳокими, фаоллар, фахрийлар, ташкилот ва клуб раҳбарияти ҳамда кўплаб мухлислар жам бўлган, эзгу ниятлар билан дуои фотиҳа қилинган. Шунингдек, халқ анъаналарига хос тарзда қўй сўйилиб, элга ош тарқатилган.

«Бу ташаббус оддий қурилиш эмас — бу «Бобур арена»ни бутунлай янги босқичга олиб чиқадиган лойиҳа», дейилади клуб матбуот хизмати хабарида.

Режага кўра, стадион ҳудудида кечаю кундуз, яъни 24/7 форматда фаолият юритадиган замонавий мажмуалар барпо этилади. Ушбу истиқболли лойиҳа «Макро Фарм Андижон» корхонаси ҳомийлиги остида амалга оширилади. Бу эса стадионни фақат ўйин кунлари эмас, балки ҳар куни ҳаёт қайнайдиган марказга айлантиради.

Шунингдек, эндиликда бу маскан нафақат футбол ўйинлари учун, балки оилавий дам олиш, дўстлар билан вақт ўтказиш ва турли тадбирлар ўтказиш учун ҳам энг севимли манзилга айланиши кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер