«БМТда илк бор Навоий тилида»
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг видеоанжуман тарзида ўтказиладиган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясидаги чиқишини, юксак минбарда туриб она тилимизда маъруза қилишини ватандошларимиз қатори мен ҳам илҳақ бўлиб кутяпман.
Муҳтарам Президентимизнинг энг нуфузли халқаро анжуманда ўзбек тилида маъруза қилиши она тилимизга давлат тили мақоми берилганининг 31 йиллигига муносиб туҳфа бўлади. Ўзбек тилида сўзланган нутқнинг жаранги, оҳанг ва жозибаси ҳар бир ватандошимизга ғурур ва ифтихор туйғусини бериши шубҳасиз.
Туркиянинг энг нуфузли нашрларидан бири «Жумҳурият» газетасида «БМТда илк бор Навоий тилида» дея давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек тилида нутқ сўзлаши ҳақида олқишланган мақола чоп этилгани ҳам бежиз эмас. Мақолада Ўзбекистон Марказий Осиёдаги «туркий давлатлар орасида» энг кўп нуфусга эга давлат экани, мамлакат аҳолиси асосан ўзбеклардан иборатлиги, қўшни давлатлар ҳам кўп сонли ўзбеклар яшаши қайд этилган. Мамлакатимизда бошқарув тизими янгиланаётгани, қўшни ва минтақадаги давлатлар билан ишончли ҳамкорликка интилишлари диққатга сазоворлиги эътироф этилган. Юртбошимиз бошчилигида «Янги Ўзбекистон»да ОАВ очиқлиги, гендер тенглиги, мажбурий меҳнатни тугатиш, инсон ҳуқуқлари, камбағалликка қарши курашиш каби йўналишларда катта натижаларга эришаётгани, Туркия Ўзбекистондаги янги ва кенг кўламли ўзгаришларга янада кўпроқ эътибор бериши, ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлиги, мамлакатнинг тинчликпарвар сиёсати илк бор Навоий тилида дунёга хитоб қилиниши эзгу мақсадлар йўлидаги энг муҳим амалий ҳаракатлардан бири экани таъкидланган.
Бугун Президентимизнинг маърузаси илк бор она тилимизда бутун дунё халқларига қарата янграйди. ОАВ, ижтимоий тармоқлар орқали миллиардлаб инсонлар томоша қилади, тинглайди. Бундан ортиқ бахт, қувонч бўладими, мен ўзбекман, ўзбек фарзандиман, буюк аждодларнинг қони оқади томиримда деган ҳар бир инсонда. Халқимга, айниқса, ёшларга қарата айтаманки, бу тарихий воқеа она тилимизга бўлган чексиз ҳурмат, миллийлигимизни, ўзлигимизни қадрлашга бўлган эҳтиром белгисидир.
Бугун мана шу муқаддас тупроқни бизга Ватан қилиб ташлаб кетган ота-боболаримизнинг руҳлари шод бўлмоқда. Жаннатмакон Ўзбекистонда инсон қадр топаётгани, барча эзгу ва хайрли ишлар халқнинг бахтли яшашига, дунёда азизу мукаррам бўлишига қаратилганининг ёрқин ифодасидир. Зотан, ватанпарвар авлодлар аждодлар руҳларини шод қилиш учун уларга лойиқ бўлиш қобилиятини намоён этмоқда.
Мана шундай бетакрор юртда яшаётганимдан бахтиёрман. Муҳтарам Президентимизнинг одилона сиёсатига, халқ манфаати, юрт тараққиёти йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларимизга кўз тегмасин. Шу Ватанда яшаётган ҳар бир фуқаро бундан-да баланд марралар забт этилиш учун бор куч-ғайратини ишга солиб, амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этмоғи ҳар қарз, ҳам фарздир.
Турсиной МУРАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг