Бизнинг ўтмишимиз ҳам, бугунимиз ва келажагимиз ҳам бир
Фото: Халқ сўзи
Муносабат
Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида давлатимиз сиёсати негизини ташкил этувчи инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш йўналишларида муҳим вазифалар белгиланганини кўрамиз.
Жумладан, давлатимиз раҳбари иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини, аҳоли жон бошига даромадларни ошириш сиёсати изчил давом этишини таъкидлади. Бинобарин, юртимизда пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқилгани, 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугунга келиб 2 миллиондан ортиқ оилаларга кўмак берилаётгани чин маънода инсонпарварликнинг ёрқин намунасидир.
Мурожаатномада ҳеч бир соҳа йўқки, эътибордан четда қолган бўлса. Тиббиёт дейсизми, бошқарув, қонунчилик... Давлатимиз раҳбари «Аввал-инсон, кейин жамият ва давлат» деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз керак», дея урғу берди. Ва бу орқали миллий давлатчилигимиз асослари мустаҳкамланишига тўхталди.
Олтита устувор йўналиш мужассам топган Мурожаатноманинг биринчи йўналиши ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтиш билан боғлиқ. Президентимиз биринчи босқичда вазирликлар ислоҳ қилиниши, ҳукумат иш услуби тубдан ўзгаришини таъкидлар экан, Имом Мотуридий бобомизнинг «Элу юрт билан ҳамдард бўлиб яшагин, токи халқ ҳамиша сен билан бирга бўлгай», дея ҳаётий ҳикматини келтирди. Иккинчи йўналишга тўхталар экан, биринчи навбатда, эътибор Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилишини қайд этди. Нажот таълимда, тарбияда, билимда экани, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришиш мумкинлиги, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиниши айтилди. Дарҳақиқат, тараққиётга йўл таълимдан бошланади. Шундай экан, ёш авлодни муносиб ворислар қилиб тарбиялай олсак, биз орзу қилган жамиятни, ҳар томонлама юксак давлатни яратамиз.
Маълумки, Ватан ичидаги кичик ватан саналган маҳалла - халқ кўзгуси. Мурожаатномада келтирилганидек, эндиликда маҳалла ўз муаммоларини ўзи мустақил ҳал қилиши учун «Маҳалла бюджети» тизими жорий қилиниши ва 1 январдан бошлаб мол-мулк ва ер солиқларнинг бир қисми маҳалланинг ўзида қолиши айни муддао бўлди. Бундан ташқари аҳоли учун уй-жойлар қуриш ҳажми 1,5 баробар ошиб, 90 мингга етказилиши ва икки йил олдин бошланган имтиёзли шартлар асосида ипотека кредитлари бериш давом эттирилиб, «Менинг биринчи уйим» янги ипотека дастури жорий қилинаётгани ёш ва эҳтиёжманд оилалар қувончига қувонч қўшади.
Назаримизда, Мурожаатномада илгари сурилган вазифалар ҳақчиллиги ва халқчиллиги билан инсонлар дилига бирдек кириб борди. Айниқса, Президентимизнинг Қорақалпоғистон ютуғи – Ўзбекистон ютуғи, Қорақалпоғистон ташвиши – бу бутун Ўзбекистон ташвиши эканини таъкидлаб, «Бизнинг эзгу мақсадимиз – биргаликдаги меҳнатимиз билан Янги Ўзбекистонда ҳар томонлама ривожланган, обод ва фаровон Янги Қорақалпоғистонни бунёд этишдир», деган сўзлари ҳар бир қорақалпоғистонликни тўлқинлантириб юборгани рост.
Шуни ишонч билан айтамизки, азалдан дўсту биродар бўлиб, эту тирноқ каби бир бўлиб кетган қорақалпоқ ва ўзбек халқи якдиллигига ҳеч қандай куч таъсир кўрсата олмайди. Зотан, бизнинг ўтмишимиз бир, бугунимиз ҳам, келажагимиз ҳам бир.
Улуғбек ЖАЛМEНОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси Қорақалпоғистон
Кенгаши раиси, сенатор.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг