«Биз тезроқ ва кўпроқ ватандошларимизни олиб чиқиб кетсак бўлди, ҳозирча энг муҳими шу» — «Халқ сўзи» мухбири Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси билан боғланиб, эвакуация жараёни билан қизиқди

01:40 06 Март 2022 Сиёсат
4584 0

Фото: Иллюстратив фото

Ҳозирги кунда Украинадаги мавжуд вазият туфайли ўзбекистонлик ҳамюртларимиз Ватанимизга тезкорлик билан эвакуация қилинмоқда. Аммо бу осон кечаётгани йўқ. Юртдошларимиз ҳарбий ҳаракатлар кетаётган ҳудудлардан осонлик билан олиб чиқилаётгани йўқ. «Халқ сўзи» мухбири бу борадаги амалий ишлар, шунингдек, Украинадаги асл ҳолат, эвакуация жараёнлари каби саволлар билан Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Курманов билан боғланди.

— Яқинда Украина ҳудудида уч нафар ўзбекистонлик йигитнинг автоҳалокатга учрагани ҳамда улардан бири вафот этгани тўғрисида хабар берилди. Айтинг-чи, аслида бундай бахтсиз ҳолат юзага келишига нима сабаб бўлган эди?

— Йигитларнинг ўлимига бахтсиз воқеа — автоҳалокат сабаб бўлган. Бу ҳеч қандай уруш ҳолатларига боғлиқ эмас. Биласиз, Украина ва Польша чегараси тоғли ҳудудлар ҳисобланади. Қолаверса, ушбу ҳудудлар бугунги кунда қор билан қопланган. Биз йўловчилар хавфсизлигини ўйлаган ҳолда, ўзбекистонлик ҳамюртларимизни, асосан, автобусларда чегарага олиб бориб, ўтказамиз.

Афсуски, автоҳалокатга учраган йигитлар чегарага ўзларининг машинаси орқали чиқиб кетишга ҳаракат қилишган. Бунинг оқибати эса аянчли якун топди. Бахтсиз ҳодиса ҳақида эшитиб, биз ҳам қайғуга ботдик. Вафот этган йигитнинг отаси билан ҳам шахсан гаплашдим. У киши Иркутскда, эртага Ўзбекистонга учиб кетади. Биз имкон қадар унинг жасадини Ватанимизга қайтариш ҳаракатидамиз.

Ҳатто одамлар бу вазиятда чегарадан 10 — 12 соатда ўтишяпти, бу йигитни қанча вақтда етказиш бўйича менда ҳозирча бирор жавоб йўқ. Чунки уруш кетаётган давлатда асосий эътибор тирик инсонларга қаратилади. Лекин бизда техник томондан ҳамма келишувлар бор, масалалар ечимини топганмиз. Фақатгина ишни якунига етказиш қолди.

Қолган икки нафар йигитнинг ҳам аҳволи оғир. Назаримда, ҳозир бу ҳолатда ваҳима қилишнинг ўрни эмас. Улар ҳозир комада, соғайиб кетишига умидвормиз. Элчихонадан уларнинг аҳволини билиб туриш учун кеча эрталаб (4.03.2022) асл касби шифокор бўлган самарқандлик ҳамюртимизни Львов шаҳрига юборганмиз. Улар ҳам бу шароитда Львовга қарийб 24 соатда етиб борган. 600 километр узоқликдаги масофага бугун (5.03.2022) пешинда кириб борган.

Бу ерда биз учун шифокор етишмаслигидан муаммо бўлмади. Львов Украинанинг ғарбий ҳудуди ҳисобланади. Ривожланишда ҳам жуда илғор минтақаларидан бири. Бизда улар ётган шифохонага эътироз йўқ. Лекин уларнинг ҳолатини сўраш, қўшимча қиммат дори-дармонлар зарур бўлган тақдирда ёхуд бошқа вазиятларда уларга ёрдам бериш учун ўз вакилимизни юборишга қарор қилдик. Шифокорни шифокор яхши тушунади, тўғрими? Шунинг учун соҳанинг эгасини юбордик.

Украинанинг қамалга тушиб қолган вилоятларидаги ўзбекистонлик фуқаролар билан алоқа қила оляпсизларми?

— Биз мана шундай қамалга тушиб қолган вилоятлардаги ўзбекистонлик фуқаролар учун алоҳида “телеграм гуруҳлари” очганмиз. Ҳозирда уларнинг рўйхатларини шакллантиряпмиз ва “яшил ҳудуд”лар ишлашни бошлаган заҳоти ўзбекистонлик фуқароларга чегарага эсон-омон етиб бориши учун шароит яратамиз. Лекин ҳозирда “яшил ҳудудлар” деярли ишламаяпти. Мана бугун биринчи марта Мариупол шаҳрида “яшил ҳудуд” бўлади, деб эълон қилишди. Ваҳоланки, икки соатдан кейин бу бекор қилинди. Шунинг учун бу ерда вазият ҳали барқарор эмас.

Украина ҳудудларидаги ертўлада жон сақлаётган ватандошларимизни ўзларингиз қидириб топиб қутқаряпсизларми ёки сизларга ўзлари боғлана олишяптими?

— Бизнинг алоҳида телефонларга жавоб берадиган гуруҳимиз ҳам бор. Бизга боғланган одамларга вокзалга етиб олишни тавсия қиляпмиз. Масалан, биз Киевда жойлашганмиз, бор-йўғи, тўртта дипломатдан иборат элчихона. Шундан битта дипломатимиз ҳозир Львов шаҳрида. Биз эса Киевдаги одамларни машина орқали вокзалга олиб боряпмиз.

Лекин буям осон кечаётгани йўқ, бензин билан боғлиқ ва бошқа муаммолар чиқиб турибди. Масалан, аксарият кўприклар бузиб ташланган. Битта одамни вокзалга ташлашга эрталаб чиқиб кетган машина кечқурун қайтиб келяпти. Чунки камида 4 — 5 соат тирбандликда қолиб кетяпти. Мазкур вазиятдан келиб чиққан ҳолда, одамларга имкон қадар вокзалга боришини маслаҳат беряпмиз.

Уч-тўрт кун аввал кўнгилли гуруҳлар ўзбекистонликларни текинга вокзалга олиб чиқишди. Энди бундай кўнгиллилар катта шаҳарларда бор, кичик шаҳарларда эса одамлар бемалол вокзалгача етиб бориши мумкин. Биз бу ҳолатлар бўлишидан олдин ҳам ҳамюртларимизга Ўзбекистонга қайтиши мумкинлигини айтганмиз. Аммо ҳозиргача қайтишга иккиланиб турган ватандошларимиз ҳам йўқ эмас.

Украина ҳукумати ҳозирги кунда сизларга қандай амалий ёрдам кўрсатмоқда?

— Украина ҳукумати бошқа давлат фуқароларини олиб чиқиб кетиш билан охирги икки-уч кундан бери шуғулланишни бошлади. Улар биздан одамлар рўйхатини беришимизни, чегарадан олиб ўтишга ёрдам беришини айтишмоқда. Лекин бу ҳам ҳудуддаги ҳарбий вазиятга боғлиқ.

Масалан, яқинда Суми шаҳрига ватандошларимизни юбориш учун автобус ижарага олмоқчи эдик, аммо вазият юзасидан ҳатто автобуслар ҳам ҳарбий сафарбарликларга жалб этилганди. Ҳайдовчилар фақат олиб боришлигини айтишмоқда, унда ҳам икки томондан кафолат олингандан сўнг. Катта ваъдаларни “тепа”дан олишингиз мумкин, лекин жойдаги ҳолат бутунлай бошқача бўлиб чиқяпти. Яъни форс-мажор ҳолатидаги бизга боғлиқ бўлмаган омиллар кўп.

Мисол учун, ҳозирда отишмалар бўлиб турган битта шаҳарда 80 ёшли ҳамюртимиз бор. Шу одам кетишни хоҳламаяпти, фақатгина озиқ-овқат олиб боришимизни сўраяпти. Бир нафар волонтёр йигитни ўша одамга озиқ-овқат етказиб беришга зўрға кўндирдик. Чунки у ёққа боришга ҳамма қўрқяпти. Аммо ушбу ҳолатларни бўрттиришга менимча асос йўқ. Чунки ҳар бир ҳаракат жойлардаги ҳолатлар билан ҳам боғлиқ.

Киевда, умуман, элчихонада озиқ-овқат муаммоси йўқми?

— Элчихонада ҳам бу томондан айрим муаммолар бор. Лекин ватандошларимизга имкон даражасида ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз. Мана, куни кеча учта ўзбекистонлик йигит элчихонадан бошпана топиб, бугун уларни вокзалга жўнатдик. Лекин шаҳарда ҳам озиқ-овқат танқислиги сезилади ва барча мазкур вазиятни тўғри тушуняпти. Биз тезроқ ва кўпроқ ватандошларимизни олиб чиқиб кетсак бўлди, ҳозирча энг муҳими шу.

Ўзаро урушларда жароҳатланган ўзбекистонлик фуқаролар ҳақида сизларда маълумот борми?

— Бугунги кунда бундай маълумот йўқ. Ҳозиргача фақат мана шу учта ўзбекистонлик автоҳалокатга учради, бу ҳам бахтсиз ҳодиса туфайли, албатта. Бизга расмий тарзда бошқа маълумот келиб тушмади ёки бизни ватандошларимиз бизга бундай маълумот бермади. Бизда ҳозир миш-миш хабарлар жуда кўп.

Ҳар бир маълумотни қайта-қайта текшириш керак. Масалан, бизга қўнғироқ қилиб, 200 та ўзбек бор, деган жойларида 20 нафар оила аъзолари билан турган ўзбеклар аниқланди. Уларнинг ҳам ярми украинлар билан оила қуриб, аллақачон ерлик фуқаро бўлиб кетишган.

Афсуски, бизда текширилмаган маълумотлар жуда кўп. Ҳозирда ватандошларимиз рўйхатини шакллантириб уч-тўрт марта текширяпмиз. Львов шаҳри орқали ўзбекистонликлар Польшага чиқиб кетишяпти, чунки у шаҳардан Польшага чиқиш осонроқ. Польшада эса ватандошларимиз ҳеч қандай ҳужжатларсиз 15 кун давомида қолишлари мумкин.

Мен ўйлайманки, Ўзбекистон тезкор ва тартибли равишда ўз фуқароларини олиб чиққан биринчи давлат бўлади. Президентимиз олиб бораётган одилона сиёсат туфайли ватандошларимизни Ўзбекистонга қайтариш ва самолёт масалаларини тезкорлик билан ҳал бўлгани, қайсидир маънода, бошқа давлатларга намуна бўляпти. Польша Президенти ҳам шу маънода ватандошларимизга ўз эҳтиромини билдириб ўтди.

“Халқ сўзи” мухбири
Акрам Хамрақулов суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер