"Биз фақат бир нарсадан қўрқишимиз керак, у ҳам бўлса, қўрқишдан"

13:47 09 Сентябр 2020 Сиёсат
1691 0

Миллат тақдири ҳал этилаётган бир вақтда, айнан халқ ичидан юксак масъулиятни ўз зиммасига оладиган жамият етакчиси, сарбони пайдо бўлади. Айнан улар халқнинг бошини қовуштириб, оғир, мураккаб қарорларни қабул қилиш ва уларни қанчалик мушкул бўлмасин, ижросини таъминлаш вазифасини ўз зиммаларига олмоқлари лозим. Бу эса миллат сардоридан қаҳрамонлик, чуқур идрок, сиёсий ирода, мардликни талаб этади.

Бугунги кунда бутун дунёда авж олган пандемия билан боғлиқ ҳодисаларни таҳлил қилар чоғимда, доимо ўйлайманки, агар ўз вақтида давлат бошқарув тизими тубдан такомиллаштирилмаганида, ҳудудлар раҳбарларига янги ваколатлар берилмаганида, парламент, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситаларининг роли бу қадар кучайтирилмаганида, иқтисодий ислоҳотлар бошланмаганида, инсон ҳуқуқлари кафотлатлашга янгича ёндашув бўлмаганда ва батамом янги ташқи сиёсат олиб борилмаганда, бугунги кунда мамлакатимиздаги вазият ниҳоятда оғир бўлар эди.

Ислоҳотлар ҳосиласи ўлароқ бугунги кунда шаффофлик ва ҳисобдорлик ҳокимиятнинг барча даражаларига хос бўлмоқда. Унинг негизида вазиятга қўрқмасдан холисона қараш, муаммоларни беркитмасдан, уларни ҳал қилиш йўлларини излаш, топиш ва ечишга интилиш мужассам. Шу жиҳатдан бугун бизнинг сиёсатимизга довюраклик хос бўлмоқда. Кўп йиллар мобайнида давом этган реал вазиятни очиқ айтишдан қўрқиш сиёсатига барҳам берилди. Буни дунё ҳамжамияти ҳам тан олмоқда ва асосийси, халқимиз ҳам бу сиёсатни қўллаб-қувватламоқда.

Бу борада мен машҳур америкалик сиёсий арбоб Франклин Делано Рузвельтнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқчиман. АҚШ чуқур инқирозга тушган ва янги иқтисодий сиёсатни бошлаган бир пайтда у муҳим сўзларни айтиб ўтган эди: биз фақат бир нарсадан қўрқишимиз керак, у ҳам бўлса, қўрқишдан.

Бу сўзларни биз бугунги ҳаётимизга ҳам татбиқ қилишимиз мумкин. Сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар айнан шу довюракликка хос бўлди.

Хусусан, тиббиёт тизими, унинг камчиликлари ҳақида биз кўп гапиряпмиз. Унга хос муаммолар таҳлил қилинмоқда. Лекин, шуни эслашимиз керакки, Президентимиз бошлаб берган ислоҳотларнинг биринчи кунидаёқ, тиббиёт тизими бугунги кун талабларига жавоб бермаётганлиги, уни тубдан ислоҳ қилишимиз кераклиги ҳақида гапирилди ва бу борада бир неча дастурлар амалга оширилди.

Бугун Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш бошқа давлатларга нисбатан бир мунча муваффақиятли кечаётгани ҳам охирги уч йил давомида олиб борилаётган кенг кўламли тадбирларнинг натижасидир.

Масалан, мамлакатимизда охирги уч йил мобайнида фуқаролик жамияти пайдо бўлди. Ижтимоий ҳамкорлик, инқирозга қарши чораларнинг умуммиллий протоколини яратиш учун имкониятлар ишга солинди.

Пандемия даврида фуқаролик жамияти вакиллари фаол бўлиб, бевосита иштирок этиб, аҳолини хабардор қилиш ва уни жалб қилишга катта улуш қўшди. Шу жумладан, оммавий ахборот воситаларининг ҳам роли катта бўлди. Ўйлайманки, шу ўринда биз яна бир иқтибосни ёдга олсак, арзийди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бош директори Тедрос Гебреисус дунёнинг кўп ҳукуматлари вирусга қарши нотўғри сиёсат олиб борганларини қайд этиб, бунинг сабаби сифатида биринчи навбатда, аҳолига пандемия вазиятида лозим бўлган талаблар ҳақида ахборот етмаслигини кўрсатди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳақида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Охирги уч йил мобайнида амалга оширилган ўзгаришларнинг асосий натижалари бу «иқтисодий манёвр» учун, яъни иқтисодиётни талабларига қараб, ўзини ўзгартириш учун имкониятлар яратилди.

Айтиш керакки, дунёда бир неча мамлакат борки, уларда бугунгидек иқтисодий инқироз даврида наинки иқтисодий таназзулнинг олди олинди, балки оз бўлса ҳам иқтисодий ўсиш таъминланмоқда. Шу жумладан, юртимизда ҳам бу борада қатор муваффақиятлар қайд этилди. Масалан, Президентимизнинг мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида қайд этилганидек, пандемия шароитига қарамасдан, Ўзбекистоннинг экспорти бу йилнинг ўтган даври мобайнида 9 миллиард долларни ташкил этди. Бу ниҳоятда катта кўрсаткич, ҳаттоки илгари, яъни шароит нормал ҳолатда бўлган йилларда ҳам, бундай натижага эришилмаган эди.

Биргина саноат соҳасига умумий қиймати 11 миллиард бўлган лойиҳалар ишга туширилди, яъни инвестициялар ўзлаштирилди. Шу жумладан, халқаро аҳамиятга эга бўлган, энг етук технологияларни ўзига қамраб олган янги Тошкент металлургия заводини оладиган бўлсак, бу пандемия шароитида амалга оширилган муҳим иқтисодий ютуқларни ҳам кўрсатади.

Илгари мамлакатимиз фақат пахта хом-ашёсини сотиб, йилида энг кўпи билан бир миллиард доллар даромад қилган бўлса, бугунги кунга келиб, биз енгил саноат маҳсулотлари экспортидан уч миллиард доллар даромад қиляпмиз. Яқин келажакда бу кўрсаткич етти миллиард долларга қадар ортиши кутилмоқда.

Мустақиллик тантаналари арафасида ҳаммамиз гувоҳ бўлдик, пойтахтимиз Тошкентда янги метро линияларининг очилиши, янги технопаркларнинг ишга туширилиши — мамлакатимизда бошидан қўйилган асосий масала, ҳам одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, ҳам иқтисодиётимизнинг қулашига йўл қўймаслик сиёсати муваффақиятли олиб борилганидан далолатдир.

Президентимизнинг маърузасини ҳаммамиз диққат билан эшитдик. Менинг юрагимга қадар етиб келган бир жойи шу бўлдики, бизда «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» даъваткор ғояси илгари сурилди. Бунда ниҳоятда чуқур маъно бор. Миллий тикланиш, ўзлигимизни англаш, миллий давлатчилигимизнинг асосларини барпо қилиш даври ўтди, бу масалалар олдинги 29 йил мобайнида муваффақиятли амалга оширилди. Энди миллий юксалиш – Ўзбекистонни энг ривожланган давлатлар қаторига киргизиш масаласи қўйилмоқда. Бу фақатгина шиор ёки умумий даъват эмас, бунинг аниқ йўналишлари ҳам кўрсатилди. Шу жумладан, Ўзбекистонда учинчи Ренессанс, яъни янги уйғониш даври деган улуғвор мақсад илгари сурилди.

Ҳаммамиз биламиз, тарихда иккита ренессанс даври, биринчиси 9-12 асарларда, кейингиси темурийлар сулоласи билан боғлиқ бўлган бўлса, шу даврларда айнан бизни ўлкамиз дунёнинг энг ривожланган ва мавқеи жуда баланд бўлган давлат эди. Чунки унинг сиёсий, ҳарбий, илмий салоҳияти шу даврдаги ҳеч бир давлат тенглаша олмас эди.

Мен бир мисолни келтирмоқчиман. Афсуски, буни билганлар орамизда жуда кам. Айнан шу ренессанс даври, яъни 9-10 асрларда Самарқандда зарб этилган дирҳем тангаси бутун Европа ва яқин шарқ мамлакатларидаги муомалада бўлган пул маблағларининг учдан бирини ташкил этган. Ҳаттоки, скандинавиялик викинглар ҳам ўзларининг улушларини сомонийлар даврида зарб этилган дирҳемларга алмаштиришга ҳаракат қилган. Яъни бугун бутун дунёда АҚШ доллари қандай роль ўйнаган бўлса, айнан Самарқанд дирҳеми ўша пайтда кучли қийматга эга бўлган. Бунинг замирида ўша давлатнинг мавқеи, потенциали, унга бўлган ишонч, уни иқтисодий салоҳияти ва қуввати намоёндир.

Биз ҳаммамиз бугун ўзимиз учун хулоса қилишимиз керак, ўз олдимизга савол қўйишимиз керакки, Президентимиз томонидан илгари сурилган ғоялар, улуғвор мақсадлар биздан нимани талаб қилади? Чунки бу ишларни ҳар биримиз ўз жойимизда, ўз жамоамизда амалга оширишимиз керак. Мен ўйлайманки, биринчи навбатда, биз парламент вакиллари мамлакатда парламент ролини янада юксалтиришга, нафақат марказда, балки жойларда ҳам маҳаллий Кенгашларнинг ролини ошириш билан машғул бўлишимиз керак. Чунки бу биз учун ҳал қилувчи масаладир. Қандай муаммо бўлмасин, бу иқтисодий юксалишга оидми, таълим тизимини такомиллаштиришга алоқадорми, коррупцияга қарши кураш масаласи бўладими, буларнинг барчаси, биринчи навбатда қонунларга боғлиқ. Қонунларни, қонун ижодкорлиги жараёнларини яхшиламасдан туриб, жамиятимиз олдида турган мақсадларга эриша олмаймиз. Бугун ҳаммамизга шу нарса равшан бўлиши керакки, ҳам сенаторлар, ҳам депутатларнинг биринчи вазифамиз жамиятимизда вакиллик органларининг тутган ўрнини барча жабҳаларда янги поғонага кўтаришдан иборатдир.

Шахсан мен учун жамиятимиз, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишда, илгари суришда ва олдимизга қўйган мақсадларимизга эришишимизда ташқи сиёсат, ташқи иқтисодий алоқаларнинг роли ниҳоятда катта. Ўзи умуман, ренессанс, уйғониш даври ҳақида гапирар эканмиз, учинчи ренессансни олдимизга мақсад сифатида қўйган эканмиз, бир нарсани ёдда тутишимиз керакки, бу даврларга олиб келувчи ва унинг муваффақиятини таъминловчи ўзининг омиллари бор. Улардан бири очиқлик ва ташқи алоқаларнинг кенг қамровлилиги. Айнан узоқ масофали савдо Марказий Осиёнинг юксалишида ва гуллаб-яшнашида катта роль ўйнайди. Мана шундай халқаро савдонинг бўғини сифатида йўқолишимиз кейинги ўрта асрлар даврида Ўзбекистонни қолоқ бир юртга айланишига сабаб бўлган.

Бугун янгиланган Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати айнан очиқлик ва ташқи алоқаларнинг ҳамма йўналишида, ғарбу шарқ, жанубу шимол, барчасини бирдек ривожлантиришга қаратилгани бежизга эмас.

Охирги йилларда Ўзбекистоннинг бутун дунёдаги қиёфаси ўзгарди. Янги Ўзбекистон пайдо бўлди. Юртимизнинг обрўси бугун мисли кўрилмаган даражада юксалди. Бу фақат обрў учун эмас, бунинг амалий натижалари ҳам борлиги қувонтиради.

Эътибор беринг, пандемия шароитида юртимизга энг яқин дўстларимиз томонидан халқаро кўмак ва ёрдам кўлами катта бўлди. Бизга берилган ёрдам биринчи навбатда, халқаро молиявий ташкилотлардан келган молиявий маблағлар билан боғлиқ. Бу борада биз бир нарсани билишимиз керак. Кредитлар ҳаммага ҳам берилмайди. У фақат ишонч қозонган ва обрўси, нуфузи катта бўлган давлатларга берилади. Мана шу пандемия даврида мамлакатимиз қарийб 3 миллиард долларлик имтиёзли кредит ва грантларни жалб этди. Ҳозирда уларни ўзлаштириш дастурлари амалга оширилмоқда.

Бу катта маблағ, албатта. Унинг етти юз миллиони ишбилармон доиралар ва банкларни қўллаб-қувватлашга қаратилди. Ишбилармонлар кимлар? Иш ўрнини яратаётганлар, одамларнинг ойлик маошини тўлаётганлардир. Бу маблағлар янги ишлаб чиқаришларни кенгайтиришга қаратилади. 300 миллиони коммунал хўжалик ҳаракатининг узлуксизлигини таъминлашга йўналтирилди. Булар нимадан далолат беради? Олинган маблағлар бежизга сарфланаётган йўқ. Аввало, халқимизнинг оғирини енгил қилишга қаратилган.

Биз бундан буён ҳам Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларини янада ривожлантириш ва халқаро миқёсда ўзимизнинг миллий манфаатларимизни илгари суришга қаратилган сиёсатимизни янада такомиллаштирамиз.

Шу халқнинг фарзанди сифатида бу ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Содиқ САФОЕВ, 
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер