"Биз азалдан дунёни илм-маърифат ва бағрикенгликка даъват қилган халқмиз"

09:32 24 Сентябр 2020 Жамият
846 0

Биз азалдан дунёни илм-маърифат ва бағрикенгликка даъват қилган ва унга эришиш йўлларини таклиф қилган халқмиз. Шундай халқнинг вакили бўлган Президент Ш.Мирзиёев уруш ҳиди келиб турган Марказий Осиё минтақасида қисқа муддатда ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини ярата олди. Ўзбекистон минтақанинг руҳи эканлигини бугун ҳеч ким рад этмайди. Айнан шу руҳ етишмаган постсовет даврининг илк 25 йилида Марказий Осиё минтақасида барча мамлакатларга бирдек зарар келтирган келишмовчиликлар кўп бўлди. Минтақада тинчлик ва барқарорлик руҳини тиклаган, янги муҳит яратган Президент Ш.Мирзиёевни БМТнинг юбилей, 75-сессиясида Марказий Осиёнинг ҳамкорликда тараққиётга хизмат қиладиган умумий манфаатлар ва ривожланишга халақит бераётган муаммоларга алоҳида урғу бериши жуда ўринли ва тўғри.

Муҳим ташаббуслар илгари сурилган маърузада учта таклифни алоҳида таъкидлашни хоҳлардим:
Биринчидан, Афғонистонни минтақанинг ажралмас қисми эканлигини эслатиш билан бир қаторда жафокаш қўшниларимиз юртида тинчлик ва тараққиётни таъминлаш учун БМТда махсус қўмита ташкил этиш зарурлиги ташаббус қилинди. Минтақанинг глобал иқтисодий ва транспорт оқимларига интеграциялашишидан жуда ҳам манфаатдор бўлмаган кучларга Афғон муаммосини бартараф этишнинг самарали мувофиқлаштирилмаётганлиги қўл келаётганлиги шубҳасиз. Шу сабабли ушбу ташаббус минтақада бардавом тинчликни таъминлаш учун воз кечиб бўлмас зарурат сифатида қабул қилиниши мақсадга мувофиқдир. Минтақанинг дунёга очилишида муҳим аҳамиятга эга бўлган Афғонистонда тинчликни таъминлаш Марказий Осиёнинг тараққиётига кенг йўл очади.

Иккинчидан, БМТ шафелигида минтақанинг мураккаб муаммоларидан бўлган транспорт коммуникациясини мувофиқлаштирувчи минтақавий марказ ташкил этиш жаҳон транспорт артерияларидан узоқ, қулайлиги билан мақтана олмайдиган минтақага янги имкониятлар беради ва албатта Марказий Осиёнинг иқтисодий тараққиёти учун жиддий туртки бўлади. Бугунги минтақа давлатларининг глобал иқтисодий жараёнлар ва транспорт коммуникацияларига интеграциялашиш йўлидаги интилишларини мувофиқлаштириш ва бирлаштиришсиз жиддий натижаларга эришиб бўлмаслиги маълум бўлмоқда.

Учинчидан, пандемиялар даврида мамлакатларнинг ўз халқлари ва жаҳон ҳамжамияти олдидаги ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисида Халқаро кодексни қабул қилиш мураккаб шароитда инқирозни бошқаришда юзага келган ички ва ташқи муаммоларни бартараф этишни йўли эканлиги кўриниб қолди. Бу ташаббусни инсон ва унинг ҳуқуқларини устувор, инсон саломатлиги ва хавфсизлигини асосий вазифа деб белгилаган Ўзбекистон раҳбари томонидан кўтарилиши тўғри ва адолатлидир. Мураккаб шароитда давлат ва халқ ҳамжиҳатлигининг юксак намунасини кўрсата олган Ўзбекистон дунё давлатларига ўз ижобий тажрибасидан келиб чиқиб таклиф киритмоқда. Бу ташаббус нафақат Марказий Осиё, бутун дунё давлатлари учун долзарб ва муҳим аҳамиятга эга ҳужжат бўлади. Шу билан бирга ушбу кодекс орқали қабул қилинадиган ихтиёрий мажбуриятлар яқин келажакда ўзаро ишонч жиддий етишмаётган, икки хил стандарт сиёсати кенг қўлланилаётган мураккаб муносабатлар ва кескин рақобат майдонига айланиб бораётган дунё ҳамжамиятига ўзаро ишонч вакцинасига айланиб кетиши ҳам мумкин.

Кўриниб турибдики, Президент Ш.Мирзиёев Ўзбекистонни ривожланиш йўлини Марказий Осиё минтақасидаги барча давлатларнинг биргаликда барқарор ривожланиш ва жаҳондаги глобал жараёнларга интеграциялашиш билан чамбарчас боғланган ҳолда кўрмоқда. Мураккаб дунёда манфаатларни ҳимоя қилишнинг самарали йўли ишончли ҳамкорлар билан уйғунликни таъминлаш эканлиги таъкидланмоқда. Миллий юксалишга олиб борувчи ушбу ташаббусларни ўз вақтида илгари сурилган, муҳим ташаббуслар деб ҳисоблаймиз.

Алишер ҚОДИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик
партияси Марказий кенгаши раиси



Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер