Биргаликда келажак қурамиз

19:15 01 Март 2022 Жамият
623 0

Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»

Пойтахтимиздаги "Ўзэкспомарказ" мажмуасида навбатдаги тадбир — “Қурилиш – UzBuild -2022” халқаро кўргазмаси ўзига ана шундай шиор танлаган. Айтиш жоизки, бу ўзига хос маънога эга. Яъни йигирма учинчи бор ташкил этилаётган халқаро анжуман доирасида қурилиш соҳасининг етук мутахассислари ҳамда етакчи ишлаб чиқарувчи компания ва корхоналар вакиллари   бир жойга жамланди. Намойиш этилаётган маҳсулот ва таклиф этилаётган хизматлар ҳам шунга мос, келажакка дахлдор — ўта замонавий ва яқин йиллар ичида оммалашадиган ускуна ҳамда технологиялар. 

Шунингдек, кўргазманинг бир нечта бўлимларга бўлингани ҳамда  унинг дастуридан Учинчи халқаро қурилиш саноати анжумани — ICCI каби анжуманлар ўрин олгани тадбирнинг янада самарали бўлишини таъминлайди. Хусусан, ушбу саноат анжуманида  соҳанинг долзарб масалалари муҳокама қилинади.

Ўзбекистонда  қурилиш тармоғи қанчалик ривожланаётганини ушбу халқаро кўргазмадан ҳам англаб олиш қийин эмас. Зеро, жорий йилги иштирокчилар ҳам,  улар келтирган маҳсулот ва янгиликлар ҳам ҳар қачонгидан кўп.  Масалан, ўтган йилги кўргазмада Австрия, Озарбайжон, Германия, Дания, Италия, Испания, Қозоғистон, Хитой, Нидерландия, Корея Республикаси, Латвия, Россия, АҚШ, Туркия, Ўзбекистон ва Финляндия каби мамлакатлардан 150 дан ортиқ компания вакиллари  иштирок этган бўлса, бу гал 160 дан зиёд қурилиш саноати вакиллари келган.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари, "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси, "Қурилишмашлизинг" республика ихтисослаштирилган лизинг компанияси ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро кўргазма жорий йилнинг 4 мартига қадар давом этади.

“Халқ сўзи”
Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер