Бирдамлик бор жойда режалар натижага айланади

18:12 29 Сентябр 2021 Жамият
766 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - "Ҳалқ сўзи"

Марҳамат тумани нафақат Андижон вилояти, балки республикамизнинг чекка ҳудудларидан бири бўлиб, қўшни Қирғизистон билан чегарадош. Ҳудудни комплекс ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар туфайли ҳудуд кейинги йилларда янада ободлашди, аҳоли турмуш шароити яхшиланди.

Бу борада Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги  ҳамда  2019 йил  8 январдаги  “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари муҳим аҳамият касб этяпти.

Ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида тумандаги 11 та МФЙ 2-секторга бириктирилган бўлиб, салкам 42 минг нафар ҳамюртимизни қийнаб келаётган муаммолар ижобий ечим топяпти.

Аҳоли турмуш шароитини яхшилашнинг энг муҳим босқичларидан бири — бандликни таъминлаш, даромад манбаига эга қилиш. Сектор томонидан тузилган ишчи гуруҳи ҳар бир хонадонда бўлиб, аҳоли билан юзма-юз суҳбатлашар экан, уларнинг 1056 нафари ишга муҳтожлиги аниқланди. Шундан сўнг уларнинг касбу кори, имконияти ва шароитидан келиб чиққан ҳолда бўш иш ўринлари ўрганилди. Натижада шу кунгача 456 нафар аҳоли доимий иш жойига эга бўлдилар. Бу борадаги ҳаракатлар давом этмоқда.

Қишлоқ аҳли борки, ернинг ҳадисини олганлар. Бир қарич ердан ҳам тўрт мартагача ҳосил олишга одатланган водийликлар учун кафтдеккина экин майдони бўлса бас. Туманда ҳам 465 нафар ишсиз фуқароларга ғалладан бўшаган 46,5 гектар ер майдони такрорий экин экиш учун ажратиб берилди. Бугина эмас, уларнинг ҳар бирига 200 кг.дан жами 93 минг тонна буғдой тарқатилди. Ер майдонида деҳқончилик қилиб, 10 млн. сўмгача даромад топган бўлсалар, буғдой орқали рўзғорига қут-барака кирди.

Аҳолининг муаммосини ижобий хал этиш, уларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатишда “маҳаллабай” тизимининг жорий этилиши айни муддао бўлди. Унинг натижасида тумандаги 4 минг 173 та хонадон  ўрганилиб, 1 минг 604 та муаммо ва таклиф аниқланди. Ҳозирда уларнинг аксарияти ўз ечимини топган. Тизим сектор масъуллари учун маҳалланинг “ўсиш нуқтаси”ни аниқлаб олиш имконини берди. Шу боис ҳудудда иссиқхона фаолиятини ташкил этиш, хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш ва ишлаб чиқариш кўламини ортиришга эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишларни ривожлантириш учун 95 нафар фуқарога 1 млрд. 239 млн. 500 минг сўмлик кредитлар ажратиб берилди.

“Миришкор” МФЙдаги 53 та хонадон ана шундай эътибор туфайли 1 сотихдан иборат иссиқхонага эга бўлди. Ҳудуддаги “Аср умиди” МЧЖ томонидан хориждан келтирилган “лотто” номли экспортбоп булғор қалампирлари хонадонларга етказиб берилди. Ўсимликни парваришлаш, керакли минерал ўғитлар билан таъминлаш корхона томонидан амалга оширилди. Етиштирилган маҳсулотлар “Аср умиди” МЧЖ томонидан сотиб олиниб, экспортга йўналтирилди.

Куз фасли деҳқончиликда ҳисоб-китоб палласидир. Шу боис миришкорликлар ҳам томорқасидаги даромадини сарҳисоб қиладиган палла келди. Ҳозиргача бўлган маълумотга қараганда, ушбу иссиқхоналарда 204 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди. Шу билан бирга, маҳаллий бюджетга 26 млн. сўмлик қўшимча маблағлар келиб тушишига эришилди.

Сектор томонидан амалга оширилаётган хайрли ишлардан яна бири ногиронларга бўлган эътибордир. Дастлаб 1124 нафар имконияти чекланган фуқаро хатловдан ўтказилди. Шунга кўра, уларнинг эҳтиёжига кўра амалий кўмак кўрсатилди. Жумладан, ногиронлар аравачаси, эшитиш мосламаси, ҳассатаёқ, қўлтиқ таёқ каби мосламалар ўз эгаларига етказиб берилди. 

“Оқбош” МФЙга қарашли Қўқонлик кўчасида яшовчи Дилнозахон Насриддинова сектор фаолиятидан ниҳоятда мамнун.

— Қўлимда ҳунарим бору маблағим йўқ эди, — дейди Дилнозахон суҳбатда. — Сектор масъулларига ўз лойиҳамни тақдим этдим. Натижада кредит асосида 3 дона тикув машинаси билан таъминландим. Ҳозирги кунда ўз тадбиркорлик фаолиятимни бошлаганман. 8 нафар ёшларни тикувчилик йўналишида иш билан таъминладим. Бу ҳам бўлса сектор вакилларининг фуқароларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши туфайлидир.

 “Ўқчи” МФЙ Бозорбоши кўчасида истиқомат қилувчи, “аёллар дафтари” рўйхатида турувчи Гулнорахон Мўминова ҳам эҳтиёжманд уй бекаларидан бири эди. Сектор масъуллари аёлнинг хонадонида бўлиб, турмуш шароити билан яқиндан танишгач, аёлга 100 бош наслли парранда етказиб беришга қарор қилди. Бугунга келиб аёл парранда тухумининг ўзидан бир ойда 1,5-2 миллион сўм даромад топаётганлиги қувонарли, албатта.

Шунингдек, ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, аҳоли маънавиятини шакллантириш, янги иш ўринлари яратиш каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “Ўқчи” МФЙда бўш турган 0,15 гектар ер майдони тадбиркор Йўлдошали Мирзаевга ажратиб берилди. Натижада тадбиркор бу ерда янги бино қуриб, унда ишлаб чиқариш корхонасига асос солди. Шу билан бирга, “Ўқчи” ҳамда “Увайсий” номли МФЙлари учун замонавий идора биносини барпо этди.  

Тадбиркор Қобилжон Обидовнинг фаолиятига кўрсатилган амалий кўмак туфайли 200 ўринли кутубхона ташкил этилди. Шунингдек, 150 ўринли шахмат мактаби ўқувчилар ихтиёрига топширилди.

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Зеро, 2-сектор томонидан амалга оширилаётган ишлар бошланди, ҳали ниҳоясига етгани йўқ. Муҳими, бу хайрли ишлар ҳамюртларимиз турмуш шароитини яхшилаш, юрт ободлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг ижобий самарасини эса халқнинг ўзи кўриб турибди. Шу боис улар бу жараёнда кузатувчи эмас, балки фаол иштирокчига айланган.

Дарҳақиқат, ҳамжиҳатлик, бирдамлик мужассам жойда режалар натижага айланади. Буни марҳаматлик замондошларимиз мисолида яна бир бор гувоҳи бўлдик.

 

“Халқ сўзи”.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер