Бир кунда бир миллион сўм даромад топаётган оила

15:13 09 Апрель 2024 Жамият
895 0

Фото: "Халқ сўзи"

Саминжон Ҳусанов/“Халқ сўзи”. Булоқбоши туманидаги Хонтепа маҳалласида узумчилик ривожланган. Аҳоли томорқасида узумнинг ўндан зиёд навини парваришланади. Бироқ, улар шу билангина кифояланиб қолмайдилар. Ток остида лола гули ўстиришнинг ҳам ҳадисини олганлар.

— Куздан баҳоргача ток ости бекор ётади, — дейди шу маҳаллада яшовчи Нурмамат Қўлдошев. — Бу вақтда ҳам даромад олиш учун лола пиёзчаларини экканмиз. Ҳозир қийғос очилган пайти. Нафақат, республикамиздан, балки, қўшни Қирғизистондан ҳам харидорлар келиб турибди. Бир кунда ўртача бир миллион сўм соф даромад топяпмиз. Ток барг ёзиб, салқин тушгунча лолани сотиб бўламиз. Кузда узум ҳосилини йиғиб олиб, ток барглари тўкилган, остига яна лола пиёзчаларини қадаймиз. Қарабсизки, томорқамиз бир сония бўлсин бўш турмайди.

Ушбу маҳаллада уч минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Барчасининг қўшимча даромади узум ва лоладан. Шу боис улар бир йилда ўртача 50-60 миллион сўм қўшимча даромад топишга эришмоқдалар.

— Туманимиз қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашганлиги учун аҳоли ер билан тиллашишнинг ўзига мактабини яратган, — дейди ҳоким ёрдамчиси Муроджон Тоштемиров. — Бу борада уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш кундалик фаолиятимизга айланган. Мисол учун, жорий йилнинг биринчи чорагида 26 нафар маҳалладошларимизга имтиёзли кредит ажратилди. Икки нафар фуқаро субсидия орқали иссиқхона барпо этди.

Биз маҳаллада бўлиб, аҳолининг томорқадан фойдаланиш тажрибасини ўрганиш жараёнида гувоҳ бўлдикки, 12 нафар ёшларга 15 сотихдан ер ажратилиши орқали бу тажрибани оммалаштириш имкони яратилди. Ўнлаб фуқароларга уруғ сотиб олишлари учун беш миллион сўмдан имтиёзли кредит ажратилди. Яна 4 нафар қўшнилар гаровсиз кредит маблағлари эвазига тадбиркорлик фаолиятини кенгайтирдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер