Бир кунда 15 миллион сўм даромад...
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Қаловини топсангиз кифоя, даромад бермайдиган соҳанинг ўзи йўқ. Булоқбоши туманида ҳунармандлар тайёрлаган сўрилар нафақат республикамизда, балки қўшни давлатларда ҳам ўз харидорларига эгалиги бунга мисол бўлади.
— Усталаримиз аввал ўзлари яшаб турган хонадонларда меҳнат қилишган, — дейди «Қумгузар» маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Абдуҳошим Мамажонов. — Ҳунармандчиликни саноат даражасига олиб чиқиш мақсадида ҳар бир устага туман ҳудудидаги бўш турган бинолар «ноль» қийматида фойдаланиш учун берилди. Уларга хориждан қайтган, кам таъминланган, касб-ҳунарга эга бўлмаган ёшлар бириктирилиши натижасида маҳсулот ишлаб чиқариш кўлами янада ортди.
Айни пайтда туманда 20 та сўричилик устахонаси мавжуд. Уларда 200 нафар ёшлар самарали меҳнат қилишмоқда. Ҳар бир устахонада бир кунда ўртача ўнта сўри тайёрланяпти. Даромад ҳам чакки эмас. Бир кунда 15 миллион сўм даромад оладиган усталар ҳам бор.
— Ҳунарим билан фахрланаман, — дейди тадбиркор Хайрулло Муҳаммадалиев. — Боиси, республикамизнинг қайси вилоятига борманг, бизнинг маҳсулотга кўзингиз тушади. Даромад ҳам шунга яраша бўлмоқда. Мавсумда бир кунда 50 млн. сўм фойда топган пайтларимиз ҳам бўлган. Кимнинг маҳсулоти сифатли, бетакрор бўлса, даромади ҳам яхши бўлаверади.
Маҳаллада салкам беш минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳар бир оилада ҳунармандчиликнинг қайсидир турига асос солинган. Йил бошида 61 нафар фуқаро ижтимоий реестрдаги ишсизлар рўйхатига қайд этилган эди. Айни пайтда 85 фоизи сўри ишлаб чиқариш устахоналарига бириктирилди. Улар тез орада ўзлаштирган ҳунарлари ортидан тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг