Бир йилда уч марта ҳосил олса бўлади
Иллюстратив фото
Хоразм вилояти Хонқа туманидаги “GARDENS KHOREZM” корхонаси томонидан бир йилда уч маротаба ҳосил олиш имконини берувчи йирик иссиқхона комплекси барпо этилмоқда.
Президентимизнинг ўтган йил ноябрь ойида Хоразм вилоятига амалга оширган ташрифи давомида тасдиқланган мазкур лойиҳа асосида бир йилдирки, майдони 6 гектарни ташкил этувчи корхона қурилиши шиддат билан олиб борилмоқда. Умумий ҳажми 16,9 млн. еврога тенг бўлган лойиҳа асосида “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан Германиянинг “Landesbank”и кредит линиясидан ажратилган 12,9 млн. евро миқдоридаги маблағи ҳисобига Голландиядан автоматик ультра иқлим бошқарув тизимига эга беш авлодли иссиқхона комплекси келтириб, ўрнатилди.
Лойиҳа ишга тушса, бир гектар ер майдонида 500 тонна маҳсулот етиштириш ҳамда бир йилда 3 маротаба ҳосил олиш имкони яратилади. Маҳаллий бозордан ташқари, йилига 3-4 млн. долларлик маҳсулот хорижий давлатларга экспорт қилинади.
Хўжаликда етиштирилган маҳсулотларни автоматик тарзда йиғиш, қадоқлаш ва юкларни сифатли қилиб жойлаштириш учун алоҳида сервис зоналари ташкил қилинган.
Иссиқхона ички ҳарорати йил давомида мавсум танламасдан бир хил иқлимда сақланиши учун углекислий газда ишловчи совутиш ускунаси билан жиҳозланган. Ташқи қопламаларининг шиша ойналар билан қопланганиэса у ерга экилган кўчатларга кечаю кундуз бир хил ёруғлик етиб боришини таъминлайди.
Илғор ва инновацион технология асосида барпо этилаётган иссиқхонада ўсимликларни чанглатиш ҳам табиий усулда – асаларилардан фойдаланган ҳолда олиб борилади.
Хонқадаги “GARDENS KHOREZM” корхонасининг замонавий типдаги иссиқхона хўжалиги мана шундай шароитда иш бошлаш арафасида. Бу билан бозорларимизда мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларининг мўллиги ҳамда нарх-наво барқарорлигига муносиб ҳисса қўшилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг