Биогумус мўъжизаси

16:27 26 Январь 2024 Жамият
859 0

Аввало, гумус ҳақида. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, бу лотинча сўз бўлиб, тупроқ маъносини англатади. Гумус яъни чиринди тупроқ унумдорлигини таъминловчи энг муҳим қисм саналади. Унинг таркибида углерод, азот, фосфор каби ўсимлик учун зарур озиқ элементлари мавжуд. Гумус билан тупроқнинг донадорлиги юзага келади. Пировардида экин ҳосилдорлигини ошириш имконияти туғилади.

Миллий тадқиқот университети Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти олимлари илмий изланишлар жараёнида биогумуснинг чинакамига мўъжиза эканига яна бир карра ишонч ҳосил қилдилар. “Турли даражада шўрланган тупроқ таркибидаги тузларни ювиш техника ва технологиясини яратиш” мавзусидаги лойиҳа доирасида олинган илмий-амалий натижалар чиндан ҳам эътиборни тортмай қўймайди.

— Хабарингиз бор, мамлакатимизда кейинги йилларда сув танқислиги кузатилаяпти, — дейди институт ректори, техника фанлари доктори, профессор Шавкат Имомов. — Ўз навбатида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунда давлатимиз раҳбарининг бир қатор Фармон ва қарорлари асос вазифасини ўтаяпти. Табиийки, биз, тадқиқотчи олимлар зиммасига ҳам катта масъулият юкланмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда турли даражада шўрланган тупроқ таркибидаги тузларни ювиш технологиясини яратиш борасида муайян натижаларга эришдик.

Олимнинг бу ҳақда алоҳида тўхталиши бежиз эмас.Тупроқ таркибидаги шўрни ювиш учун ҳар йили майдонлар 2-3 марта сувга тўйинтирилади. Бунда шўрни бир марта ювиш учун гектарига 1500-2000 куб метр сув сарфланади. Уч йилда мазкур кўрсатгич 4500-6000 куб метрни ташкил қилади. Бу жуда катта миқдор. Қолаверса, тадқиқотлар шўр ювиш жараёнида сув тупроқдаги гумус миқдорининг камайиб кетишига ҳам олиб келаётганини кўрсатди. Бу эса ўз навбатида тупроқ таркибидаги тузларни ювишнинг самарали техника ва технологиясини ишлаб чиқишни талаб этади.

Кичик ҳажмдаги ерда олиб борилган ўрганишлардан сўнг тадқиқотлар институтнинг Когон туманида жойлашган илмий ўқув марказидаги бир гектар майдонда ўтказилди. Даставвал бу ер ўрта қумоқ механик таркибли тупроқ турига мансублиги, унинг ўртача даражада шўрлангани аниқланди. Қолаверса, шу бир гектар майдоннинг шўри қишда ювилмади. Олимлар бунгача вилоятдаги кўп йиллик шўр ювишлар натижасида тупроқ қатламида, аниқроғи, ер сиртидан 40–60 сантиметр чуқурликда қалинлиги 30–50 сантиметрли қаттиқ қатлам ҳосил бўлганини ҳам аниқлашган эди. Шуни ва асосий ишлов бериш чуқурлиги 30–40 сантиметр эканлигини назарда тутиб тупроқ остида намловчи қувур ўрнатиш фикрига келинди. Ўрнатиш чуқурлиги 60 сантиметр деб белгиланди.

Ер лазерли ускуна воситасида юқори аниқликда текисланди. Дала майдонида энига параллель тарзда чуқурлигини 60, оралиғини 90 сантиметр қилиб эгилувчан қувурлар ётқизилди.Суғориш қувурларининг ҳар 10 сантиметрида махсус намлатиш тешиклари очилиб, ҳимояловчи мато (сиздиргич) ўрнатилди. Қувурлар 2-4 градус нишабликда кўмилди.

Шу тариқа чигит 90 сантиметр қатор оралиғида қувур устидан экилди. Бунда махсус қурилмада тайёрланган биоўғит ва сув бетон ўрада аралаштириб, марказий қувурга фильтрлаб узатилди. Марказий қувур аралашмани суғориш қувурларига тақсимлаб бериш вазифасини ўтади. Аралашма махсус тешиклардан сув босими натижасида чиқиб, тупроқ таркибини намлаб борди. Шунинг ҳисобига чигит бехато униб чиқди. Экин вегетация даврида биоўғит ва сув аралашмаси билан эгилувчан қувурлар орқали тўрт марта суғорилди.

Тажриба биоўғит ғўза илдизининг ўзига тўғридан-тўғри сув билан аралаштирилиб берилганлиги туфайли маҳаллий ва минерал ўғитларга эҳтиёж йўқлигини кўрсатди. Ғўза илдизи яхши ривожланиб, тупроқдаги гумус миқдори ҳам ошгани кузатилди. Намлик 15 кунгача сақланди. Бунда ўсимлик сувни ўзи талаб қилган даражада олаётгани аниқланди.

— Натижада тажриба даласи турли даражада шўрланган тупроғи таркибидаги тузлар миқдорининг беш баробар камайишига эришилди, — дейди Шавкат Имомов. — Майдонлар шўр ювиш олдидан техника ва ишчи кучи кўмагида кичик контурларга ажратилар ва бунга анча-мунча маблағ сарфланарди. Эндиликда бунга ҳожат қолмади. Қолаверса, бир гектар ерга тупроқ таркибидаги тузларни ювиш учун сарфланадиган 3000 куб метр сув иқтисод қилиб қолинди. Суғориш ва шўр ювишга ишлатиладиган сув ресурслари бир мавсумда 40 фоизга тежалди. Биз шу даладаги ғўзани чеканка қилдик, холос.

— Яна бир муҳим жиҳати, ушбу бир гектар ердан 78 центнердан пахта ҳосили олинди, — дейди институт таянч докторанти Сардор Орзиев бизга намуна сифатида сақлаб қўйилган ғўзани кўрсатар экан. — Қувурларга келсак, улардан 120 йилгача фойдаланиш имконияти мавжуд. Ҳисоб-китобларга кўра, экин ҳосилдорлигининг кескин ошиши эвазига харажатлар 2 – 3 йилда ўзини оқлаб, иқтисодий самара бера бошлайди.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича, юртимиздаги экин ерлари “ориқ”. Чарчаган. Мадори йўқ. Зеро, тупроқ ҳам тирик мавжудот. Биоўғитдан оқилона фойдаланиш унга куч-қувват беради. Ғўзани суюқ биоўғит аралаштириб суғориш усули орқали шу долзарб муаммога ечим топиш мумкин. Бу пахта ҳосилдорлигини 50 – 60 фоиз ошириш, дарё сувларини эса бир мавсум давомида 40 фоизгача тежаш имконини беради.

Она – табиатнинг бебаҳо неъмати — биогумус замиридаги мўъжиза бундан зиёд бўлиши мумкинми?!

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер