Бешариқда умумий қиймати 20 миллион доллар бўлган йирик саноат лойиҳаси қурилиши бошланди

11:17 13 Апрель 2026 Жамият
205 0

Бешариқ туманида Польша инвестицияси асосида истиқболли лойиҳага старт берилди. Шу тариқа маҳаллий тадбиркор Жаҳонгир Носиров польшалик инвестор билан ҳамкорликда йирик саноат корхонаси қуришни мақсад қилган.

Лойиҳа доирасида мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспортга йўналтириш, шунингдек, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Умумий қиймати 20 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу лойиҳа туман иқтисодиёти ва саноат салоҳиятини янада ривожлантириши кўзда тутилган.

— Бу лойиҳа амалга оширилиши натижасида 200 та янги иш ўрни яратилиб, олис маҳаллалар ёшлари доимий ва юқори даромадли иш билан таъминланади, — дейди тадбиркор Ж. Носиров. — Корхонани жорий йилнинг учинчи чорагида ишга тушириш белгиланган бўлиб, бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг асосий қисми Европа давлатларига экспорт қилиниши режалаштирилмоқда.

Ўзаро келишувга кўра, корхона қурилишида энергия тежамкор ва экологияга зарар етказмайдиган хом ашёлардан фойдаланилади. Ўз навбатида хориждан энг сўнгги русумдаги илғор технологиялар олиб келиниб, корхонага ишга олинган ёш мутахассислар доимий равишда Европада малака оширишига кўмаклашилади.

Айни пайтда тумандаги фермер ва деҳқон хўжаликлари, миришкор боғбонлар билан сифатли мева-сабзавотлар етиштириб бериш бўйича икки томонлама манфаатли шартномалар имзоланмоқда. Шунингдек, яқин истиқболда корхона тасарруфида интенсив боғлар барпо этиш, шу мақсадда кўҳна қитъадан экспортбоп, узоқ масофага ташишга яроқли ноёб мевали дарахтлар кўчатларини олиб келиш ҳамда маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш мақсад қилинган.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер