«Беш минг қадам пиёда юриш»
Учтепа туманида олтмишга яқин маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда маҳаллаларнинг нуроний отахон ва онахонлари иштирокида «5 минг қадам пиёда юриш» акцияси ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарининг Яшнобод туманига ташрифлари давомида туманда кекса ёшдаги кишилар пиёда юриши, бу эса саломатликка катта фойдаси борлиги алоҳида таъкидланган эди. Шу билан «5 минг қадам пиёда юриш» акцияси ташкил этилди. Ушбу тадбир соғлом турмуш тарзининг ажралмас қисми бўлгани учун ҳам бошқа ҳудудларда мунтазам ўтказиб бориш тавсия этилган эди.
Шу асосда Учтепа туманидаги Лутфий сайилгоҳида туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан «5 минг қадам пиёда юриш» акцияси уюштирилди. Унда ҳудуддаги олтмишга яқин маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, уларнинг кекса-фахрий ишлари бўйича маслаҳатчилари, нуронийлар ҳамда ёшлар иштирок этди.
— Пиёда юрган одам ҳар томонлама соғлом, кайфияти ҳам юқори бўлади, — дейди «Катта Қаъни» маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Эргаш ота Ҳолқосимов. — Ҳар куни тонгда ва кечки пайт оила аъзоларимиз билан пиёда юришни канда қилмаймиз. Болаларим, набираларим ҳам шунга ўрганишган. Бугунги акция эса соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга хизмат қилади. Бундай тадбирларни тез-тез ўтказиш керак, деб ҳисоблайман.
Тадбирда иштирокчилар учун туман маданият бўлими санъаткорлари томонидан турли куй-қўшиқлар ва кўнгилочар намойишлар ташкил этилди.
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг