Беш кунда Самарқандга 31 мингдан ортиқ сайёҳ келди

11:57 24 Март 2022 Жамият
580 0

Фото: «Халқ сўзи»

Самарқанд вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси берган маълумотга кўра, 19-23 март кунлари Самарқандга 28 минг нафардан кўпроқ маҳаллий ва 3700 нафардан ортиқ хорижий сайёҳларнинг ташрифи кузатилди.

Хорижий сайёҳлар орасида қозоғистонликлар (1720 нафар) кўпчиликни ташкил этди. Шунингдек, Тожикистон, Россия Федерацияси ва Туркиядан ҳам туристлар кўп бўлди.

Умуман, беш кун давомида Европа мамлакатларидан 439 нафар, Осиё мамлакатларидан 328 нафар, АҚШ ва Жанубий Америка қитъасидан 84 нафар сайёҳ қадимдан илм-маърифат ва бунёдкорлик маркази бўлган кўҳна кент жозибасидан баҳра олиш ниятида ташриф буюрди.

Наврўз байрами муносабати билан белгиланган беш кунлик дам олиш кунларида республикамиз бўйича ҳам ички туризмни ривожлантириш учун темир йўл, автойўл ва ҳаво йўллари, меҳмонхона ва сайёҳлик марказларида чегирмалар жорий этилган эди. Натижада халқимизнинг катта қисми бу имкониятлардан фойдаланиб, юртимизнинг мафтункор, тарихий манзилларига, очиқ осмон остидаги музей-шаҳарларга саёҳатга чиқди.

— Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида яшайман, боғча тарбиячисиман, - дейди сайёҳлардан бири Бегимой Сайимбетова. — Бир неча ўқитувчи ва тарбиячилар билан 15 фоизлик имтиёздан фойдаланиб поездда Самарқандга келдик. Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мақбара-мажмуасида бўлдик. Зиёрат қилиб, руҳимиз енгил бўлди, кўнглимиз тоғдек кўтарилди.

— Оиламиз билан анчадан буён Самарқандга келишни ният қилган эдик, - дейди Жиззах вилояти Зафаробод туманида яшовчи Ўктам Холдоров. — Байрам баҳона бу гўзал шаҳарга фарзандларим, набираларим билан келдик. Улуғбек расадхонаси, Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Шоҳи Зинда мажмуаларидаги қадамжолар ва табаррук жойларни кўриб, кўнглимиз янада ёришди, фахр, ғурур ҳиссини туйдик.

Абдулазиз Йўлдошев,

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер